Заифлашмайдиган муҳаббат
Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни жудаям яхши кўрар, у зот учун жонини ҳам аямаслигини бот-бот такрорлар, муҳаббати саҳобаларникидан кам эмаслигидан ғурурланарди. Аллоҳга илтижо қилиб, тушида Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўриш истагида тилидан салавотни қўймасди.
Ниҳоят дуолари ижобат бўлди… Тушида, автобусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар билан бирга кетаётган эмиш. Бир маҳал автобус ҳалокатга учрабди, унинг олди ғилдираги жарликда, орқа ғилдираклари эса йўлда. Агар орқа ғилдираклар тагига бирор тиркак қўйилмаса, автобус жарликка қулаши тайин. Туш соҳиби харсанг олиб келиб, орқа ғилдираклар остига қўяман, деган мақсадда югуриб кетибди. Тошни келтириб қараса, саҳобалардан бир нечтаси бошларини аллақачон ғилдирак остига қўйиб бўлишган экан. У йиғлаб уйғониб кетибди. Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббатини саҳобаларникига солиштирганидан уялибди…
Дарҳақиқат, саҳобаларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари чексиз эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари, ҳаракатлари ва ҳаёт тарзлари саҳобалар учун намуна эди. Улар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳар бир гапларини диққат билан тинглаб, ҳаётларига татбиқ этишарди.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Биз Расулуллоҳни жонимиздан ортиқ кўрардик. У зотнинг ҳузурларида бўлиш биз учун катта шараф эди”. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳеч нарсани аямаганлар. Севгилари нафақат кўнгилларида, амалларида ҳам намоён эди.
Уҳуд ғазотида саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун киприк қоқмай жонларини нисор қилдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу кўксини қалқон қилиб, кўп жароҳат олди ва Аллоҳ Расулининг: “Сен аҳли жаннатсан!” деган башоратларига ноил бўлди.
Муҳаббат ва ўзаро биродарлик борасида саҳобаи киромлар нафақат Пайғамбаримизга, балки бир-бирларига ҳам қаттиқ боғлангандилар. Ислом биродарлиги руҳида яшаб, бир-бирларига ёрдам беришдан қочмаганлар. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги муносабат бунинг яққол мисолидир. Ҳижрат қилган мусулмонларга ансорлар ўз мол-мулкларидан бериб, уйлари эшикларини очдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам саҳобалар қалбида бу меҳр заифлашмаган. Ана шу меҳрмуҳаббат сабаб улар дунёвий манфаатлардан юз ўгириб, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқат йўлида собит қола олишган.
Саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббат, фидойилик ва ўзаро биродарликлари Ислом тарихидаги энг катта маънавий меросидир. Шу боис бу меросни ўрганиб, сабоқ олиш мусулмон уммати учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Нилуфар БЕРДИЕВА,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув-услубий бўлим бошлиғи
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws