Пайдар-пай тош ёғдирилган шаҳар
Қадимги Садум шаҳри (Иордания) Лут алайҳиссалом қавми яшаган жойдир. Бу шаҳар аҳли жоҳиллик, фосиқлик ва фаҳш ишларда ҳаддан ошган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жирканч бузуқиликка – баччавозлик иллатига мубтало бўлган эди. Аллоҳ таоло уларни тўғри йўлга чорлаш учун Ўзининг элчисини – Лут алайҳиссаломни юборади: «Ўшанда уларга биродарлари Лут айтган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизми?! Албатта, мен сизларга (юборилган) ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга (буйруқларимга) итоат этингиз! Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар оламлардан фарқли равишда (шаҳват билан) эркакларга “келасиз”ми?! Ҳамда Раббингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизми?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз”» (Шуаро сураси, 161–166-оятлар).
Лекин табиати бузилган қавм ушбу даъватга қулоқ тутиш ўрнига ўзларининг халоскори бўлган пайғамбарларига таҳдид қилишди: «Улар: “Қасамки, агар (бу ишингдан) тўхтамасанг, эй Лут, албатта, сургун қилинувчилардан бўлурсан!” дедилар» (Шуаро сураси, 167-оят). «Қавмининг жавоби: “Уларни (Лут ва унга эргашганларни) шаҳрингиздан чиқариб юборингиз, зеро, улар покликни даъво қилувчи одамлардир!” деган сўзлари бўлди, холос» (Аъроф сураси, 82-оят).
«Бас, (Лут) қавмининг жавоби: “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир!” дейишлари бўлди, холос» (Анкабут сураси, 29-оят).
Шундай қилиб, туғёнга кетган Садум қавми ўзига балони тилаб олди.
«У (Лут алайҳиссалом): “Эй Раббим! Бу бузғунчилар қавми устидан Ўзинг мени ғолиб қил!” деди. Элчиларимиз (фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: “Албатта, бизлар мана шу (Садум номли) қишлоқ аҳлини ҳалок қилувчидирмиз. Чунки унинг аҳолиси золимдирлар”» (Анкабут сураси, 30-31-оятлар).
Садум қавми тарихда мисли кўрилмаган даҳшатли азобга дучор бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «Фармон (азоб)имиз келганида у ерни остин-устин қилиб юбордик ва у ерга қиздирилган лой қотишмасидан иборат тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Азоб тошлари) Раббингиз ҳузурида белгили қилиб қўйилган эди. Улар золимлардан узоқ эмасдир» (Ҳуд сураси, 82-83-оятлар). «Биз фосиқ бўлганлари учун бу қишлоқ аҳли устига осмондан азоб ёғдирувчидирмиз. Биз ақл юргизадиган қавмга (ибрат бўлсин учун) у (қишлоқ)дан аниқ асорат қолдирганмиз» (Анкабут сураси, 34-35-оятлар).
Мазкур “аниқ асорат қолдиқлари” археологик тадқиқотларга кўра, Исроил ва Иордания чегарасида жойлашган Ўлик денгиз ва унинг атрофларига тўғри келади. Олимлар таъкидлашича, бу ҳудудда катта миқдорда олтингугурт моддаси бор. Шу сабабли у ерда на ҳайвонлар, на ўсимликлар ҳаёт кечиради. Бу жой вайрона ва ҳалокат рамзи сифатида қолган.
Олтингугурт вулқонлар отилиши натижасида пайдо бўлади. Дарҳақиқат, бу ҳудудда зилзилалар бўлгани ва вулқонлар отилгани ҳақида аниқ далиллар бор. Немис археологи Вернер Келлер бундай дейди: “Сиддим водийси, жумладан, Садум ва Ғамура шаҳарлари шу ҳудуддан ўтувчи улкан ёриқ – жарликка чўкиб кетган. Бу ҳалокат, эҳтимол, яшин уриши, кучли зилзила, ердан табиий газ чиқиб, портлашлар натижасида юзага келган бўлиши мумкин. Ер ёрилиши натижасида унинг остида ухлаб ётган вулқон жунбушга келган. Иордан водийсининг юқори қисмидаги Бошон атрофида ўчиб қолган вулқон кратерлари бор. Оҳак тошли юзада улкан лава ва қалин базальт қатламлари мавжуд”.
Ушбу лава ва базальт қатламлари қачонлардир шу ерда вулқонлар отилиб, зилзилалар юз берганини англатади. Садум қавмининг бошига тушган офатнинг техник жиҳатини геологик тадқиқотлар аниқлади. Унга кўра, Лут алайҳиссалом қавмини йўқ қилган зилзила жуда узун ёриқ натижасида содир бўлган. 190 километрга чўзилган Иордан дарёси ўз оқими давомида 180 метр пастликка тушиб боради. Лут кўлининг денгиз сатҳидан 400 метр қуйида жойлашгани ҳам бу ҳудудда йирик геологик ҳодиса юз берганини тасдиқлайди.
“National Geographic” журналининг 1957 йил декабрдаги сонида бундай дейилади: “Садум тоғи Ўлик денгизи ёнидаги ҳосилсиз бир вайрона тепаликдир. Ҳеч ким ҳалигача Садум ва Ғамура шаҳарларининг вайроналарини топмаган. Олимларнинг фикрича, улар Сиддим водийсида, ана шу тоғу тошларнинг қаршисида бўлган. Эҳтимол, зилзиладан сўнг бу шаҳарлар Ўлик денгизи остида қолган бўлиши мумкин”.
Ушбу йўқолиб кетган шаҳарга оид маълумотлардан бири унинг доимий йўл устида жойлашганидир. Географлар бу минтақанинг Ўлик денгизидан жануби-шарққа томон Араб яримороли орқали Сурия ва Мисргача чўзилган йўл устида жойлашганини аниқлашган. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар берилган: «Бас, Биз у шаҳарни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан (ясалган) тош ёғдирдик. Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир. Дарвоқе, у (аҳолиси ҳалок этилган шаҳар) доимий йўл устидадир. Албатта, бунда мўминлар учун аломатлар бордир» (Ҳижр сураси, 74–77-оятлар).
Ўз навбатида мўмин киши Самуд қавмининг бундай қисматидан ибрат олиши, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиб, Аллоҳдан мағфират сўраши ҳамда хайрли, солиҳ амалларда ғайрат кўрсатиши лозим бўлади.
Нуриддин МУҲАММАДЖОН,
Тошкент давлат шарқшунослик университети мустақил изланувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws