Фотима бинти Асъад розияллоҳу анҳо
Кўплаб тафсирларда Фотима бинти Асъад розияллоҳу анҳонинг Муҳаммад алайҳиссаломга оналик меҳрини бергани баён қилинади.
Ривоятларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг болаликларида Фотима бинти Асъад розияллоҳу анҳо ўз фарзандларидан олдин Расулуллоҳни овқатлантирар, муборак бошларини тарар, сочларига атиргул мойи сурарди. У вафот этганида эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак кўйлаклари билан уни кафанладилар. Аллоҳнинг амри билан Фотиманинг жанозасини етмиш минг фаришта ўқиди, дея хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари муборак қўллари билан қабрга қўяётганларида кўз ёшларини тўхтата олмадилар ва: “Фотима менинг онам эди”, дедилар. Қабр бошида бундай дуо қилдилар: “Аллоҳ таоло сизни мағфират қилсин, Ўзи мукофотласин. Эй онажон, Аллоҳ сизни раҳматига олсин! Ўзингиз оч бўла туриб, мени тўйдирдингиз, киймай кийдирдингиз… Тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ таолодир. У доимо барҳаётдир. Ё Аллоҳ, онам Фотима бинти Асъадни қабрини кенгайтир! Эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси, менинг ва ўтмишдаги барча пайғамбарларинг ҳаққи-ҳурмати дуоларимни қабул эт!”
“Омин” деса, бешак ижобат бўладиган Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуоларини олишга муяссар бўлган Фотима бинти Асъад розияллоҳу анҳо том маънода саодатманд аёллардан бўлган…
Абдулвоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws