Ким жаннатни истаса…
Жаннатга киришни ким ҳам истамайди? Қалбида иймон нури бўлган ҳар бир мўминнинг ҳаётдаги мақсади, орзуси жаннатдир. Шундай экан, нима қилсак, унга кирамиз?! Жаннатга киришимизга сабаб бўладиган омиллар ва амаллар, бунинг учун лозим бўлган эътиқод масаласи ҳақида “Ким жаннатни истаса…” номли китобини мутолаа қилиб, билиб олишимиз мумкин.
Ушбу асар бир гуруҳ таржимонлар – Жалолиддин Ҳамроқулов, Фарҳод Абдусомад ўғли, Сурайё Муроджон қизи, Юлдуз Асқар қизи томонидан қилинган ҳадислар шарҳидан иборат.
Китобни очишимиз билан иймон ҳаловатини топишимизга кўмакдош бўладиган ҳадис билан танишамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Учта (хислат) бор. Кимда улар бўлса, иймон ҳаловатини топади. (Биринчиси) Аллоҳ ва Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимлироқ бўлиши; (иккинчиси) бирор кишини фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўриш, (учинчиси) куфрга қайтишни оловга улоқтиришдек ёмон кўриши”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
“Таом ва ичимликлар ҳаловати оғиз, иймон ҳаловати эса қалб орқали ҳис этилади. Чунки таом ва ичимликлар баданнинг, иймон эса қалб озуқаси ва қувватидир. Шунингдек, озуқасининг лаззатини сезиш учун жасад соғлом бўлиши шарт. Қалб ҳам нафс-ҳаво ва ҳаром қилинган шаҳватлардан холи бўлмас экан, иймон ҳаловатини топа олмайди. Ким ҳадиси шарифда зикр қилинган хислатларни ўзида жамласа, албатта, унинг лаззатига эришади”.
Кейин эса бу хислатларни қандай “ҳосил қилиш” йўлйўриғи бирма-бир кўрсатилади. Аллоҳ ва Расулини севиш қандай бўлади, севгининг нишонаси банданинг феълида қандай тажалли қилади, деган саволларга шарҳни ўқиб жавоб топишимиз мумкин.
“Ким жаннатни истаса…”, “Оз муддатга ҳам ўз ҳолимизга ташлама”, “Икки нур шафоати”, “Аллоҳнинг ғазаби нимада?!” “Исломда ирим-сирим йўқ”, “Жин ва шайтон зараридан сақланиш йўли”, “Шариат ман қилган икки амал”, “Шайтоннинг уч тугуни”, “Аёл эрининг молидан эҳсон қиладими?” каби номлар остида берилган шарҳларда эса бандаларга ҳаётнинг ҳар бир онида сув ва ҳаводек зарур тавсиялар берилади.
Жумладан, Ойша розияллоҳу анҳо ривоятидаги ҳадис ва унинг изоҳида бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар аёл хонадонининг таомидан исроф қилмасдан садақа қилса, унга инфоқи учун ажр бўлади. Турмуш ўртоғига касб қилгани учун ажр ёзилади. Хазиначи учун ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлади. Ҳеч бирларининг савоблари бошқалари сабаб камайтирилмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аёл эрининг молига омонатдор. Уйидаги барча нарса турмуш ўртоғининг мулкидир. Фақат унинг рухсати билан бирор нарсани тасарруф этиши (бериши, сотиши, ишлатиб юбориши) мумкин.
Бироқ аёл ўзига тегишли бўлган, масалан, эри “бу сенга” деб берган ё одатда аёлларга тегишли ёки эрнинг норозилигини келтириб чиқармайдиган нарсани садақа қилса бўлади. Лекин аёл эрининг хасис эканини билса ва рози бўлишидан шубҳа қилса, у ҳолда садақа бериши ҳаром. Бундай ҳолларда эр-хотинлик ришталарига путур етмаслиги керак.
Ҳадиснинг зоҳиридан аёл эрининг рухсатисиз садақа бериши мумкин, деган маъно тушунилмайди. Балки аёл садақаси туфайли ажр олиши айтилмоқда. Имом Хаттобий бундай дейди: “Ҳадис эрнинг одатий ҳолда аёлига меҳмонларни таомлар билан сийлаши, йўқсил ва фақирларга садақа улашишига буткул рухсат берганини баён этмоқда. Шариат эрни ҳам, аёлни ҳам (эрининг мулкидан исрофсиз) садақа беришга ундайди”».
Нигора МИРЗАЕВА
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан