Ҳар Фиръавнга бир Ҳомон
“Фиръавн баъзида Мусо алайҳиссаломнинг гапларини эшитганида, қалби юмшаб, гапларига мойил бўларди. Иймон келтириш истаги туғиларди. Чунки ҳазрат Мусо алайҳиссаломнинг каломи беқиёс таъсирчан, агар тошга айтилганда, ундан сут отилиб чиққан бўларди. Фиръавн ана шу ҳолатни вазири Ҳомонга айтганида, у: “Шу кунгача ҳукмдор бўлдинг, энди ҳирқаси ямоқ одамга қул бўлмоқчимисан?” дерди. Мусо алайҳиссалом юз кунда иншо этган саройни Ҳомон бир кунда вайрон қиларди” (“Маснавий”дан).
Фиръавннинг улуғлик даъво қилишининг асосий сабаби мулк эгаси бўлгани ва атрофини ўша мулкидан умидвор хушомадгўй кимсалар ўраб олганидир. Яъни Ҳомон мақтаб турмаганида Фиръавн балки илоҳликни даъво қилмаган бўларди.
Фиръавннинг ўтиб кетганига неча минг йил бўлди. Лекин фиръавнчалар ҳали ҳам кўп. Масалан, бир одам уч-тўрт сўм пул топса, дарров атрофида гумашталар-ҳомонлар пайдо бўлади. “Бой акам айтмоқчиларки…” деб унинг ҳар бир сўзини ҳикматга айлантиради. Унга гап қайтариб қўйганларни “талаб” ташлайди. Бора-бора ўша бойвучча мақтовга ўрганади. Қулоғига ёқадиган гапларни тинмасдан вайсаб турадиган ялтоқилар жимиб қолгудек бўлса, дарров уларнинг олдига “суяк” ташлаб қўяди. Улар яна баланд овозларда унинг саховатпешалигини мадҳ эта бошлайдилар.
Натижа нима бўлади? Бойвуччанинг қилган озгина эҳсонлари риёга, тамага айланади. Ўзини ҳаммадан ақлли, тадбирли, саховатли, ҳайбатли… кўра бошлайди. Яъни салкам Фиръавн-да. “Фалончи акам бу ерда ўтирмайдилар, алоҳида жой тайёрланглар”, “Писмадончи акамга обрўсига муносиб жой қилинмабди. Шундай бир қарадилар-у, қайтиб чиқиб кетдилар”, деган гапларни ҳаммамиз эшитганмиз. Ана шу одамлар ҳам фиръавнлар, фақат ўртадаги фарқ мартабанинг баланд-пастлигида.
Ҳосили калом, фиръавнларни ҳомонлар етиштиради. Эй уч-тўрт сўм орттирган дўстлар, ҳомонлардан эҳтиёт бўлинг. Улар сизни аввал иймонингиздан айириб, сўнгра ғарқ қиладилар.
* * *
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар” (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан