Хайрли ишлар кечиктирилмайди
Айрим аёллар: “Болалигимда бувим шундай қилар эди” ёки “Онам шундай қилиб келган, мен ҳам давом эттиришим керак”, деган ўй-хаёллар билан ҳали-ҳануз ирим-сиримларга ишонишади. Аҳамиятсиз, асоси йўқ хурофотлар билан гуноҳга ботаётганини билмасликлари янада ачинарлидир. Жумладан, айримлар сешанба ёки шанба кунлари ёки шомдан кейин тирноқ олиб бўлмайди, дейишади. Бу хато фикр. Баъзилар, жума куни тирноқни олиш яхши дея жумадан жумагача ўсган тирноқларда юради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тирноқларингизни олиб юринглар, шайтон бармоқ учи ва тирноқларингиз орасига ўз уруғини қўяди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Динимизда тирноқ олиш суннат амал ҳисобланади. “Туҳфатул ахбор” китобида: “Тирноқ олиш ўнг қўл кўрсаткич бармоғидан бошлаб бош жимжилоғигача олинади. Сўнг чап қўл жимжилоғидан бошлаб уларни тугатгач, охирида ўнг қўлнинг бош бармоғи тирноғи олинади. Оёқ тирноқлари ўнг оёқ жимжилоғидан бошланиб, чап оёқ жимжилоғида тугатилади”, дейилган.
“Аврод” китобининг шарҳида: “Кундузи бўлсин ёки тунда бўлсин, тирноқ олинаверади ҳамда яхши ишлар ортга кечиктирилмайди”, дейилган. Шунингдек, маълум кунларда олинади деган гап ҳам асоссиз эканлиги келтирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг жавобида: “Тирноқни ҳафтанинг барча кунларида олиш мумкин. Айнан жума куни олиш борасида бирорта саҳиҳ ҳадис бизга маълум эмас. Лекин саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу одатда ҳар жума тирноқларини олиб, мўйловларини қисқартирганини Имом Байҳақий ривоят қилган. Шунинг учун айрим фуқаҳолар жума куни жума намози учун покланиб чиқиш мақсадида тирноқ олиш фазилатли, дейишган”.
“Чор китоб”да бундай дейилади: “Олинган тирноқ, қирқилган соч, ҳайз хирқаси, тушган тиш, фасод қони ва шунга ўхшаганлар одам аъзосининг жузъий қисмлари бўлгани учун кўмилмоғи керак”.
Олмажон ХЎЖАНИЁЗОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws