Қоқилган қозиқлар
Тоғлар – Аллоҳ яратган сон-саноқсиз мўъжизалардан бири. Тоғлар, асосан, Ер қобиғи устки қатламининг бир қисмини ташкил этувчи плиталар кесишган ҳудудда шаклланиб, шу плиталарни бирлаштирган ҳолда гўё қоқиб қўйилган қозиқдек ушлаб туради. Бу эса, литосфера қатламлари сурилиб кетишининг олдини олади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” (Набаъ сураси, 6–7-оятлар).
Оятдаги араб тилидаги “миҳаада” сўзи луғатда “бешик, юмшоқ жой” деган маънони билдиради. Ҳақиқатан, Ернинг тузилиши, ундаги хусусиятлар, инсоннинг яшаши учун мосланган сон-саноқсиз нарсалар Аллоҳ таолонинг қудратига ёрқин далилдир. Ушбу оятда тоғларнинг қозиқ қилиб қўйилгани айтиляпти. Уламолар тоғлар қанча баланд бўлса, Ер остида ўз баландлигига тўрт ярим баробар узунликдаги томирга эга бўлишини таъкидлайдилар. Агар тоғлар қозиқ бўлмаса, Ер курраси ҳозирги ҳолида турмасдан, унинг низоми бузилишини ҳам олимлар исботлаган.
Шунингдек, Қуръони каримдаги яна бир оятда бундай марҳамат қилинади: “У Зот Ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам…” (Наҳл сураси, 15-оят).
Демак, баланд тоғлар Ернинг мувозанатини сақлаб туради. Агар Аллоҳ таоло тоғларни Ер юзига “ташлаб” қўймаса, у тебраниб турадиган бўлар ва одамлар унда яшай олмасди. Тоғларнинг фойдалари орасида фақатгина мана шу – Ер мувозанатини ушлаб туришининг ўзи уларнинг нақадар улкан неъмат эканини билдиради.
Эътиборли томони шундаки, Ер – Қуёш тизимидаги устки қатлами фаол тектоник плиталардан иборат ягона сайёрадир. Сайёрамиз юзасининг салкам 30 фоизини қуруқлик, яъни қитъалар ва ороллар, 70 фоизини эса сув, яъни уммонлар ва денгизлар эгаллаган. Аҳамиятлиси, катта-кичик тоғ тизимлари қуруқликда ҳам, сувда – уммон остида ҳам бор.
Шу ўринда Ер тортиш кучи (гравитация қонуни) тоғлар баландлигига яхшигина таъсир кўрсатишини айтиб ўтиш ўринли. Зеро, олимларнинг эътироф этишича, агар Ернинг тортиш кучи камроқ бўлганида сайёрадаги тоғларнинг бўй-басти ҳозиргидан анча баланд бўлиши мумкин эди. Сўзимизнинг исботи сифатида гравитацияси Ерникидан анча паст бўлган Марс сайёрасида баландлиги 26 километрга тенг Олимп номли тоғ борлигини айтиш мумкин.
Юртимиз ҳудудидаги энг баланд тоғ эса Ҳазрати Султон чўққисидир. Ҳисор тоғ тизмасига кирувчи бу чўққи денгиз сатҳидан 4 643 метр баландликда, Ўзбекистон (Қашқадарё вилояти) ва Тожикистон чегараси яқинида жойлашган.
* * * *
Этагидаги ердан чўқ қисига қадар баландлиги 500 метрдан кам бўлмаса, тоғ бўлади. 500 метрдан паст тепалик лар қирадирлар тоифасига киради.
* Тоғлар Ер юзининг 24 фоизини ташкил қилади. Дунё аҳолисининг 10 фоизи тоғли ҳудудларда яшайди. Осиёнинг 64 фоизи, Африканинг 3 фоизи, Шимолий Американинг 36 фоизи, Европанинг 25 фоизи, Жанубий Американинг 22 фоизи, Австралиянинг 17 фоизи тоғлардан иборат. Антарк тида қитъасида баланд тоғлар кўп. Қитъадаги ўртача баландлик (муз қоп ламаларни ҳисобламаганда) сув сатҳидан 2200 метр, энг баланд нуқтаси – Винсон тоғининг “бўйи” 4 892 метрга тенг.
* Бутан подшоҳлиги ҳудудида жойлашган Гангхар Пуенсум тоғи (баланд лиги 7570 метр) шу кунга қадар альпи нистлар томонидан забт этилмаган энг баланд тоғдир.
* Ер юзидаги энг узун тоғ тизмаси Ўрта Атлантика сувости тоғ тизмаси ҳисобланади. Мазкур тоғ тизмасининг узунлиги 18.000 километрга тенг. Қуруқликдаги энг узун тоғ тизмаси Жанубий Американинг ғарбий қисмини қамраб олган, 9.000 километр га чўзилган Анд тоғ тизмасидир.
* Дунёдаги энг йирик тоғ тизмаси Ҳимолайдир. Унинг ҳудуди 1.089.133 квадрат километр. Солиштириш учун: Миср давлатининг ҳудуди 1.001.450 квадрат километрдир.
Шуҳрат ХЎЖАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws