Ҳикмат – мўминнинг йўқотгани
Шикоятинг борми? Уй-жойинг торлик қиляптими? Рўзғорингда етишмовчиликлар кўпми? У ҳолда сенга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги дуоларини эслатаман. Шахсий ҳаётимда унинг ажиб таъсирини кўрганман: “Аллоҳуммағфирлий занбий ва вассиъ лий фий дарий ва барик лий фий ризқий! (Аллоҳим, гуноҳларимни мағфират эт ва мен учун ҳовлимни кенг, ризқимни баракали қил)”. Бунга риоя қилсанг, тез орада ҳаётингдаги ўзгаришларга гувоҳ бўласан, иншоаллоҳ!
Мишарий ХАРРОЗ
* * *
Солиҳ Димашқий ўғлига насиҳат қилиб деди: “Эй ўғилчам! Агар куну тунинг ўтса ва унда сенинг дининг, жисминг, мол-мулкинг ва аҳли аёлинг саломат, омонликда экан, Аллоҳ таолога шукрингни кўпайтир. Чунки бугун қанчадан-қанча кишилар динидан маҳрум этилган, мол-мулки тортиб олинган, (ҳурмат-иззат) пардаси йиртилган ва (зулм остида) бели синдирилган бир вазиятда сен офиятдасан”, деди.
“Сияру аъламин нубало”
* * *
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сенга жаннат эшикларидан бирининг хабарини берайми?” дедилар. “Ҳа”, дедим. У зот: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан