Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавий
Ислом ҳуқуқи пойдевори Қуръони карим ва суннатдан иборат бўлса-да, унинг назарий асослари ва далиллардан истинбот қилиш усулларини белгилаб берувчи фан усулул фиқҳдир. Ушбу илм ривожи йўлида кўплаб олимлар заҳмат чекканлар. Айниқса, ҳанафий мазҳаби намояндаларидан бири, қози ва усул ал-фиқҳ олими Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавий бу борада пухта услубий ёндашувлари билан ажралиб туради.
Олим (1010 – 1089) Қашқадарё вилоятининг ҳозирги Касби тумани ҳудудидаги Пазда (Эски Фазли) қишлоғида туғилган. Унинг отаси ҳам илм-маърифат соҳиби бўлиб, ўғлига фиқҳ фанидан илк диний билимларни берган. Ёш Али қишлоқ мактабида Қуръонни ёд олиб, араб тили ва ҳисоб илмини пухта ўрганган. Сўнг ўша даврда Мовароуннаҳр маданият ва маърифат марказларидан бири бўлган Насаф шаҳрида усулул фиқҳ илмини янада мустаҳкамлайди. Илм эгаллаш йўлида ҳар жиҳатдан талабчан бўлган Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавий тез орада етук ҳуқуқшунос олим бўлиб етишади. Унинг “Канзул вусул ила маърифат ал-усул” (Усул илмини ўрганишга борадиган хазина) номли асари “Усул ал-Паздавий” номи билан машҳур бўлиб, асрлар давомида ҳанафий олимлари учун асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Паздавий ўз даврининг етук қозиси сифатида ҳам довруғ қозонган. Яъни, у Мовароуннаҳрда узоқ йиллар қозилик қилиб, шариат қонунларини қўллашда чуқур билим ва адолатни намоён этган.
У усулул фиқҳда қатор муваффақиятларга эришган. Хусусан, ҳанафий услуби тизимини такомиллаштириб, мазҳабнинг далилларини баён қилиб берган. Ушбу илмий хулосалар ўз замонининг машҳур олими Имом Сарахсийнинг “ал-Усул” асарига нисбатан ихчамроқ бўлиб, мураккаб масалаларни оддий, тушунарли ва қисқа баён этади.
Далилларга чуқур ёндашувда Қуръони карим, суннат, ижмо, қиёс каби асосий манбаларни таҳлил қилади ва ҳанафий мазҳаби нуқтаи назарини мустаҳкамлайди. Олим мазкур асарида Қуръони карим ва суннатни талқин қилиш усулларини, қиёс ва истеҳсон каби тушунчаларни содда қилиб тушунтиради.
Ушбу манба бугунги кунда ҳам Ал-Азҳар (Миср), Девбанд (Ҳиндистон) каби университетларда ўқитиб келинади.
Таъкидлаш жоиз, Паздавийнинг “Канзул вусул” асари XII, XIII асрларда Анадолу (Туркия)га олиб борилган ва у ерда ҳанафий фиқҳининг ривожида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Бу ҳақда Ибн Обидин “Раддул муҳтор” асарида ҳамда Котиб Чалабий “Кашфуз Зунун” китобида маълумот бериб ўтган.
Дарвоқе, ҳанафий мазҳабида усулул фиқҳнинг ривожи Имом Сарахсий томонидан бошланган бўлса, бу йўлни қатъият билан давом эттирган йирик олим ҳам айнан Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Паздавийдир. У Сарахсийнинг тафсилий ва кенг ёндашувларини янада тизимли, ихчам ва далилларга асосланган услубда бойитиб, ҳанафий усулининг ўзига хос мактабини яратган.
Камолиддин ҒОЗИЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws