Кўнгил зиёрати
Бир тадбиркор дўстим савобли амалларни кўп қилади. Лекин бу ҳақда ўзи ҳеч қачон оғиз очмайди, балки бошқалардан эшитамиз. Яқинда унинг яна бир ибратли ишидан хабар топиб, таъсирландим.
Дўстим кўп фарзандли, топиш-тутиши ўртача бўлган қўшнисини ўз ҳисобидан умра зиёратига юбормоқчи бўлибди. Қўшниси хижолат чекиб, “Тобим йўқ, бир ўзим қийналаман”, дея баҳоналар қилибди.
– Қўшнижон, сиз касалман, деманг, ёнингизга янгани олинг. Бирга улуғ зиёратларни адо этиб келинг. Харажатларни ўйламанг, биз яхши ният билан шуни зиммамизга олдик, – дея туриб олгач, рози бўлибди.
Шу тариқа муборак сафарни орзу қилган, аммо бориш хаёлида бўлмаган инсонларга қувонч улашилди. “Ҳеч кимга айтманг, Аллоҳ билса бўлди”, деган тадбиркорнинг гапи ерда қолди. Зиёратдан тўлқинланиб, тетиклашиб қайтган қўшни ҳар гал унинг ҳаққига дуолар қилаверди. Бунга биров тушунди, биров тушунмади. Тушунмаганларга: “Мени зиёратга шу қўшним юборди, барака топсин”, деб тушунтирди қўшни. Тушунганлар эса: “Аллоҳ кўнглига солибди, кўп савобли иш бўлибди”, дея муборакбод этишди.
Умра зиёратини адо этиб қайтган оилани яхши биламан ва ҳурмат қиламан. Дўстимга телефон қилиб, бу хайрли иши учун раҳмат айтдим. Кўчаларни обод қилишда, етим-есир, муҳтожларга кўмак беришда тенги топилмайдиган саховатпеша ўртоғим эса гапни одатдагидек бошқа мавзуга бурмоқчи бўлди. Бунга имкон қолдирмай: “Бировга берган озгина садақасини уялмай-нетмай кўз-кўз қиладиганлардан бўлмаганинг, назаринг тўқлиги, кибринг йўқлиги учун ҳам сенга ҳар куни раҳмат айтишимиз керак”, дея ўз миннатдорлигимни изҳор этдим.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан