Ширин сўз битказар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларни молу дунё бериб рози қила олмайсиз, шундай экан, чиройли хулқ ва очиқ юз билан уларнинг кўнгилларини хушнуд этинглар”, дедилар (Имом Абу Яъло ривояти).
Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчи бор!
* * *
Анжом – уй зийнати,
Сўз – инсон зийнати.
* * *
Кўнгилни қўл билан овламасанг,
Тил билан овла!
* * *
Бир яхши гап эсдан чиқмас, Бир – ёмон гап.
* * *
Аччиқ савол бериб, Ширин жавоб кутма.
* * *
Бир таваккал бузади,
Минг қайғунинг қалъасин.
Бир ширин сўз битказар,
Минг кўнгилнинг ярасин.
* * *
Суйдирган ҳам тил,
Куйдирган ҳам тил.
* * *
Тилни боғла дил билан,
Дилни боғла тил билан.
* * *
Тиғ жароҳати битар,
Тил жароҳати битмас.
* * *
Ширин сўз шоҳ косасида сув ичар.
* * *
Ширин юзингдан ширин сўзинг аъло.
***
Яхши сўзга учар қушлар эл бўлар,
Ёмон сўзга пашша кучи фил бўлар.
* * *
Яхшининг сўзи тошни эритар,
Ёмоннинг сўзи бошни чиритар.
* * *
Яхши сўзнинг мазасини билмаган
Ёмон сўзнинг иззасини билмас.
* * *
Қулоқдан кирган совуқ сўз
Кўнгилга бориб муз бўлар.
* * *
Дўст орттираман десанг,
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг,
Чақиртикан бўл!
* * *
Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
* * *
Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
* * *
Оғзига келганни демак – нодоннинг иши,
Олдига келганни емак – ҳайвоннинг иши.
* * *
Бир яхши гап эсдан чиқмас,
Бир – ёмон гап!
* * *
Ширин-ширин сўзласанг,
Илон инидан чиқар.
Аччиқ-аччиқ сўзласанг,
Мусулмон динидан чиқар.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан