Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу Ашжаъий Ғатафоний, куняси “Абу Абдурраҳмон”. Ҳайбар ғазотига биринчилардан бўлиб қўшилган саҳоба. Макка фатҳида Ашжаъ қабиласи номидан байроқ кўтарган. Ҳижратнинг олтинчи йилида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришиш бахтига мушарраф бўлган.
Авф розияллоҳу анҳу беғубор ҳазил-мутойибани яхши кўрар,
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан доимо янги нарсалар ўрганишга ғайрат кўрсатарди. У Абу Абдуллоҳ, Абу Муҳаммад, Абу Амр ва Абу Ҳаммод фарқли кунялар билан тилга олинади. Бу саҳоба Ҳайбар, Муъта ва Табукда иштирок этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирдилар.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу Зотус-салосил ғазотида муҳим вазифани адо этди. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу табиатан ҳазилкаш инсон эди. Мисол сифатида бундай воқеа келтирилади: “Жайшул усро” дея ном олган Табук ғазотида иштирок этди. Табук Мадинадан узоқ шаҳар бўлиб, ёзнинг айни жазирама кунларида йўлга чиқилгани учун ғазот шундай ном олган эди.
“Қўшин дам олиш учун тўхтаганда Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирмоқчи бўлди. Изн берилгач, бошини чодирга суқиб, жилмайганича сўради:
– Ё Расулуллоҳ! Бутун вужудим билан кирайми? Набий алайҳиссалом ҳам табассум қилганларича жавоб қайтардилар:
– Бутун вужудинг билан кир!
Кейин унга қиёмат яқинлашганида содир бўладиган воқеалар хабарини бердилар” (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳазилкаш бўлгани билан Пайғамбаримиз солллалоҳу алайҳи ва салламдан ҳар куни янги илмларни ўрганишга ҳарис эди. У кишидан олтмишга яқин ҳадис ривоят қилинган бўлиб, бир қисми “Кутуби ситта”да, ўттиз еттитаси Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида келтирилган.
Абу Абдурраҳмон Авф ибн Молик Ашжаъийдан ривоят қилинади: «Биз тўққиз ёки саккиз ёки етти кишилик бир жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида ўтирган эдик. Бизларга:
– Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизми? – дедилар. Ваҳоланки, биз у зотга эндигина байъат қилгандик. Шу сабабли:
– Ё Расулуллоҳ! Сизга байъат қилдик! – дедик. Кейин у зот ўша саволни такрорладилар:
– Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизларми? Бу сафар байъат қилиш учун қўлимизни узатиб:
– Ё Расулуллоҳ! Биз байъат бергандик. Энди нимага байъат берайлик? – дедик.
– Аллоҳни илоҳ билиб, унга шерик қўшмасликка, беш вақт намозни ўз вақтида ўқишга, – кейин овозларини бироз баландлатиб, – ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка байъат беринг!
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳга қасамки, кейинчалик бу жамоадагиларнинг ҳеч бирини қамчиси ерга тушса, олиб беришини бировдан сўраганларини кўрмадим”» (Имом Муслим, Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда иймон, ибодат ва итоатдек уч асосий нарсага “ҳеч кимдан бирор нарса сўрамаслик”ни қўшиб, унинг аҳамиятли эканига мўминларнинг эътибори тортилмоқда. Тиланиш, бошқаларга қўл чўзишдан қайтарилмоқда. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гувоҳлик беришича, бу байъатга қўшилганларнинг айримлари бу сўзни тўғридан-тўғри тушуниб, улов устида бўлсалар, қамчилари тушиб кетса, уни олиб беришни ҳам сўрашмаган. Ҳадиснинг асл маъносини тўғри англаган саҳобаи киромлар бировдан нарса сўраш масаласига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашганлар.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Раҳбарларингизнинг энг хайрлиси сизни яхши кўрган ва сиз яхши кўрган, сизни дуо қилган ва сизнинг дуоингизни олган кишидир. Раҳбарларингизнинг энг ёмони эса сиздан нафратланган ва нафратингизга нишон бўлган, сизни лаънатлаган ва лаънатингизни олган кимсалардир”. Шунда у зотдан сўралди: Ё Расулуллоҳ! Уларга қарши чиқайликми? Бундай жавоб бердилар: “Сиз билан бирга намоз ўқиган муддатда, асло. Сиз билан бирга намоз ўқисалар, йўқ”, дедилар у зот» (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиси шариф бизга раҳбарлар ва унинг қўл остидагиларнинг ҳамжиҳатлик ва тинчликда яшашлари кераклигини ўргатади. Чунки инсонлар ҳам диний, ҳам дунёвий вазифаларини ўз ўрнида бажара олишлари учун тинчлик ва хотиржамликка эҳтиёжлари бор. Шу билан бирга, намоз диннинг устуни эканлигини ва у орқали инсонлар бир-бирлари билан аралашиб, бирликларини таъминлашига урғу бермоқда.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига жаноза намози ўқидилар. У зотнинг бундай дуо қилганларини эшитдим ва дарҳол ёдлаб олдим: “Аллоҳим! Уни кечир, раҳм қил, уни азоб ва қийинчиликлардан асра. Камчиликларини кечир. Жаннатни насиб эт, қабрини кенг қил! Уни сув билан, қор билан ва муз билан покла. Оқ либосни кирлардан покланганидек, уни гуноҳлардан покла! Ўз уйидан гўзалроқ макон, оиласидан хайрли бир оила, завжидан хайрли бир завж бер. Уни жаннатинг билан сийла, қабр ва жаҳаннам азобидан сақла!”
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу қўшимча қилади: “Бу гўзал дуоларни эшитгач, “Кошки бу ўлган одам мен бўлсам эди”, деб орзу қилдим” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Мадинадан кетиб, Ҳумусга бориб жойлашди. Абдумалик ибн Марвон даврининг илк бошларигача Ҳумусда яшади ва ўша ерда вафот этди. Ундан Абу Ҳурайра, Абу Айюб Ансорий, Миқдом розияллоҳу анҳумдек саҳобалар, Абу Муслим Ҳавлоний, Абу Идрис Ҳалвоний ва Шаъбий каби тобеинлар ҳадис ривоят қилишган.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws