Оғир дамларни қандай енгамиз?
“Қўй шуни, ўзингни, фарзандларингни ўйла”, “Бетоб бўлиб, инжиқ бўлиб қолибди-да, қандай чидайсиз?” Кунда-кунора берилган бу саволларга жилмайиб қўяман. Аллоҳ сабрлиларни севади ва бандаларини яхшиликка буюрган. Хоҳ яқиним бўлсин, хоҳ бегона – уларнинг бу сўзларини ўткинчи гапдай қабул қиламан.
Минглаб фаришталар гувоҳ бўлган, Аллоҳ тақдир қилган жуфти ҳалолим! Яхши кунингизда ёнингизда бўлганим каби ўтиб кетадиган оғир дамларимизни ҳам меҳр-муҳаббат билан енгамиз. Ахир айтишади-ку: “Аллоҳ севган бандаларига дард беради”.
Ўша куни ҳам, одатдагидек, тонгданоқ ишга отландингиз. Бугун кайфиятингиз бошқача эди. Ҳамкорларингиз билан учрашиб, корхонанинг тақдирини ҳал қиладиган муҳим паллада эдингиз. Кетаётиб ўғлингизни, қизингизни пешонасидан авайлабгина ўпиб қўйдингиз. Бўсанинг таъмидан ширингина керишган кенжа фарзандимизни қучгингиз келди-ю, уйғотиб юборишдан чўчиб, бирпас қараб турдингиз-да, мен билан хайрлашиб чиқиб кетдингиз.
Тушга яқин қўл телефоним жиринглади. Ҳамкасб ўртоғингиз Зуфар аканинг ташвишли овози эшитилди: “Келин, Ҳикматилло акамнинг машинаси автоҳалокатга учраб, ўзлари шаҳар шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб келинди”.
Бу хабардан ўзимни йўқотиб қўяёздим. Болаларни ойимга қолдириб, ҳузурингизга югурдим. Аввалига шифокорлар кўргани қўйишмади. Тонггача дийдорингизни кутдим. Амалиёт узоқ давом этди. Эзилган бир оёғингизни кесиб ташлашди. Ниҳоят, киришга рухсат беришди. Ўзингизга келган заҳоти болаларингизни сўрадингиз. Болалар — сизнинг ҳаётингизнинг ажралмас бир бўлаги. Уларнинг сизга бўлган меҳри, соғинчи оёққа туришингизга кўмак бўлди.
Сизни шифохонадан олиб чиққан кунимиз мен учун гўёки уйимизда бахт учқунлари чақнади. Майли, бир оёғингиз йўқдир, аммо сизнинг борлигингиз менга қувват эканини биласизми?! Сиз учун, болаларим учун тоғни енгиб, сувни кечиб ўтишга тайёрман, фақат сиз ёнимда бўлсангиз, бас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида: “Менинг мукофотим сабр қилганлар учундир”, деб айтади», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Сизни парваришлашда асло оғринмайман. Ҳар куни сизга куч бериши, қувватлантириши учун ширин таомлар тайёрлайман… Орадан ойлар ўтди. Сиз бу орада анча тетиклашдингиз. Навбатда сизни яна бир — протез оёқ ўрнатиш амалиёти кутарди. Амалиётни ҳам енгиб ўтдингиз. Олдинда сизни аввалгидек ўзингиз севиб ишлайдиган корхона, ҳамкасбларингиз кутяпти.
Мақсадсиз кишининг ҳаёти пуч уруққа ўхшайди. Сиз эса мағзи бутун данаксиз! Ҳаётдаги мақсадингиз: фарзандларимизни ўқимишли, ҳунарли қилиб элга қўшиш! Сиз бу ниятингизга албатта эришасиз! Шу йўлда биргалигимиздан бахтлиман. Ҳар намозларимда кўзимда ёш билан Аллоҳга шукр дейман. Бизни бемор қилса-да, баъзан муҳтож бўлсак-да, энг муҳими, меҳр-оқибатимизни бутун қилди, сабримизга яраша синов берди. Алҳамдулиллаҳ.
Зебо ОМОНОВА ёзиб олди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан