Улуғ наҳвшунос олим
Абу Амр Усмон ибн Умар ибн Абу Бакр ибн Юнус, кенг жамоат орасида Ибн Ҳожиб лақаби билан танилган, XII асрнинг етакчи тилшунос, фиқҳшунос ва усулшунос олимларидан бири ҳисобланади. У ҳижрий 570 (1174 милодий) йилда Мисрнинг Исно шаҳрида дунёга келган. Аллома илмий фаолиятида, асосан, наҳв, фиқҳ, усул, қироат ва мантиқ каби исломий фанлар билан шуғулланган. У ўз даврида араб тили грамматикаси ривожига катта ҳисса қўшган.
Ибн Ҳожиб ва оиласи Ироқ, Шом шаҳарларида истиқомат қилган. Сўнг айюбийлар оиласи билан бирга Мисрга кўчиб ўтган. Орадан кўп ўтмай Миср ва Шомда Салоҳиддин Айюбий ҳокимият тепасига келади. Ибн Ҳожибнинг отаси Салоҳиддин Айюбийнинг тоғаси эса Мувсик Салоҳийга эшик оғаси бўлиб хизмат қилади. Бу ҳолат Ибн Ҳожибнинг болалигиданоқ билимга мойил муҳитда тарбия топишига замин яратади.
У Қоҳирадаги нуфузли мадрасаларда таҳсил олди. Ёшлигидан Қуръонни тўлиқ ёд олган, қироат ва унинг турлари бўйича Имом Шотибий, Ғазнавий ва бошқа устозлардан таълим олган. Фиқҳни Абу Мансур Абёрийдан, ҳадис ва араб тилини эса кўплаб машҳур уламолардан ўрганган.
Айюбийлар даврида ҳарбий ва сиёсий беқарорликларга қарамасдан, мадрасаларда фиқҳ, тафсир, ҳадис, наҳв ва қироат фанлари кенг ўқитилган.
Шу муҳитда Ибн Ҳожиб ҳам таълим олиб, кейинчалик дарс берган. Унинг илмий қарашлари мураккаб грамматик масалаларни қиёсий таҳлил қилиш ва қоидаларни қатъий мантиқий асосда тушунтириш билан ажралиб туради.
Ибн Ҳожиб Басра наҳв мактабига суянган йўналишнинг етакчи вакили сифатида танилган. Бу мактаб қиёсий таҳлил ва қатъий грамматик қоидаларга асосланган.
Унинг асосий ютуқларидан бири – наҳв қоидаларини муфассал, манзумалар ва ихчам матнлар шаклида тузиб, уларга кенг шарҳлар бериши бўлган. Бу услуб кейинчалик араб тилини ўргатишда ва таҳлил қилишда асосий услубга айланган. Ибн Яъиш, Саховий ва бошқа уламолар унинг асарларига шарҳлар ёзишган.
Ибн Ҳожиб наҳв, фиқҳ, қироат ва усул фанлари бўйича бир қатор асарлар, жумладан, Замахшарийнинг “ал-Муфассал” асарига шарҳ ёзади.
Нурисломхўжа УМБАРОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws