Тонг нафаси – табиатнинг уйғониш лаҳзалари
«Ва (отаётган) тонг билан (қасам)ки» (Таквир сураси, 18-оят).
Қуръони каримдаги ушбу қисқа, аммо теран оятда тонгнинг отиши “танаффаса” (“нафас олиш”) феъли билан ифодаланган. Бу шунчаки чиройли мажозми ёки унинг тагида теран илмий ҳақиқатлар мужассамми?
Тонг қандай “керишади”?
Машҳур муфассир Муҳаммад ибн Жарир Табарий ушбу оятнинг таъсирида араб тилининг нозик жиҳатларига тўхталади. Унинг ёзишича, араблар кун ёришиб, кенгайиб боришини “нафас олди” деб аташган. Бу худди тирик жонзотнинг уйқудан уйғониб, чуқур нафас олиши ва қаддини ростлаб, керишишига ўхшайди. Шунингдек, денгиз тўлқини кўпик сочганида ёки камон ёрилганида ҳам шу ибора ишлатилган. Демак, тонг – зулматнинг ёрилиши ва ҳаётнинг янгидан жунбушга келишидир.
Биологик “нафас”: фотосинтезнинг бошланиши. Тонг отиши билан табиатда чинакам кимёвий жараён бошланади. Ўсимликлар қуёшнинг илк нурларини қабул қилиши билан фотосинтез жараёни ишга тушади. Улар тун бўйи тўпланган заҳарли карбонат ангидрид газини ютиб, унинг ўрнига ҳаёт учун зарур бўлган кислород газини чиқаришади. Бу жараён ер юзининг худди катта бир ўпка каби нафас олишига ва ҳавонинг тозаланишига жуда ўхшашдир.
Атмосферанинг “алмашиниши”. Тонг пайтида Ер юзасида қизиқ бир физик ҳодиса юз беради. Қуёш нурлари Ер юзини исита бошлаганида қуйи қатламдаги совуқ ва оғир ҳаво юқорига кўтарилади. Тун давомида ерга яқин тўпланиб қолган турли газлар ва намлик юқорига чиқиб кетади. Юқоридан эса тоза ва салқин ҳаво қатлами пастга тушади. Бу худди инсон ўпкасидаги ҳаво алмашинувига ўхшайди.
Илмий тадқиқотлар тонгги ҳавонинг инсон саломатлиги учун фойдали эканини тасдиқлайди. Чунки саҳар пайтида ҳаводаги озон газининг миқдори юқори бўлиб, у ўпкани зарарли бактериялардан тозалайди ва асаб тизимини тинчлантиради. Тонгги нурлар инсон миясидаги “уйғониш” гормонларини фаоллаштиради. Тонгдаги ультрабинафша нурлари тери учун хавфсиз бўлиб, унда D витамини ишлаб чиқарилишига ижобий таъсир қилади.
Қуръони каримдаги ушбу қисқа оят бизга қуйидаги ҳақиқатларни англатади: Бундан 14 аср аввал, на фотосинтез ва на атмосфера қатламлари ҳақида илмий тушунчалар бўлмаган бир даврда, “Тонг нафас олганда” дейилиши – Қуръони карим илоҳий калом эканига ёрқин далилдир. Тонгни ўз қудрати билан “нафас олдирган”, Ер юзини ҳар тонг тоза ҳаво билан қайта тирилтирган Зотгина ушбу Китобни нозил қилиши мумкин. Замонавий илм-фан ривожланган сари Қуръон оятларининг илмий мўъжизаларини ботбот тасдиқламоқда. Бу эса Парвардигоримизнинг буюк қудратини теран ҳис қилишга ва Уни янада кўпроқ улуғлашга, шукрона айтишга чорлайди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws