Қурут касалликни қуритади
Қурут таркибидаги оқсил модда кишига куч бағишлайди. Қанд моддаси бўлмагани боис семиртирмайди. Қон босимини пасайтиради, ич кетишининг олдини олади, заҳарни кесувчи, баъзи ҳомиладор аёлларда кузатиладиган кўнгил айнишининг олдини олади.
Қурут тайёрлашнинг анъанавий усули: анча пайт йиғилган қатиқ махсус ускуна ёғоч кувиларга суюлтириб солинади ва пишилади. Сариёғи ажратиб олингач, айронни катта қозонга солиб қайнатилади ва бурда-бурда бўлиб қолгунча шопириб турилади. Кейин тоза сурп халтага солиниб, зардоби оқизилади. Тайёр ҳолга келган сузмага таъбга қараб туз, майдаланган райҳон қўшиб, яхшилаб аралаштириб турли шаклда қурутлар тайёрланади. Сўнг ҳаво айланадиган жойда 3–4 кун қуритилади, чанг тушмаслиги учун дока ёпилади. Тайёр қурутлар қуруқ жойда сурп халталарда сақланади. Тўқ ранг қурутлар ёғли айрондан олинади. Буни тайёрлаш учун оддий қурут каби пиширилиш жараёнида таъбга кўра думба ёғи ва кийик ўти солинади. То қуйилгунча қайнатишда давом эттирилади ва совутилиб қурут қилинади. У сафрони ҳайдайди, чанқоқни қондиради, иштаҳани очади, йўтал, тумовни даволашда фойдалидир. Агар сувда ивитилиб суртилса, соч тўкилишининг олдини олади.
Муҳаммад Акмал ТЎХТАМИШҲОЖИ ўғли,
доришунос
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws