Қозонлаб сотилаётган саратон
Бугун бозорга тушсангиз, турли ишлаб чиқарувчилар таклиф қилаётган хилма-хил қозонларга кўзингиз тушади. Бироқ маҳсулотлар орасидаги алюмин қозонларнинг саломатлик учун қанчалик хавф туғдиришини биласизми?!
Агар қозон анодланмаган, яъни махсус қопламали бўлмаса, унда мутлақо овқат пишириб бўлмайди. Анодланган алюмин қозоннинг сирти ялтираб турмайди, хира бўлади. Бозордаги аксарият алюмин қозонларда эса бу қоплама йўқ, деярли бари ялтироқ.
Анодланмаган алюмин қозондан фойдаланиш инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Бунинг асосий сабаби алюминнинг таомга чиқиб, танага тушишидир. Алюмин мияда тўпланиб, Алцгеймер касаллиги ва бошқа мия фаолияти бузилишлари хавфини оширади. Шунингдек, хотира пасайиши ва диққатсизликка олиб келади, ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаб, гастрит, яра, сўнг саратонни келтириб чиқаради.
Овқат ҳазм қилиш жараёнига таъсир қилиб, ич қотиши ёки диареяни (ич кетиши) келтириб чиқариши мумкин. Алюмин буйрак орқали чиқарилади, лекин буйрак етишмовчилиги бўлган одамларда у организмда тўпланиб, заҳарли таъсир кўрсатади.
Агар у ортиқча миқдорда тўпланса, иммунитет тизимига таъсир қилиб, аутоиммун касалликлар хавфини ошириши мумкин. Кальцийнинг сўрилишини пасайтириши, суяклар мўртлашиши ҳам аниқланган. Яъни алюмин гормонлар мувозанатига таъсир қилади ва шу йўл билан гормонал онкология (масалан, кўкрак бези саратони) хавфини оширади.
Ривожланган давлатларда қозон ва унинг ўрнини босувчи идишлар фақат зангламайдиган пўлатдан ишлаб чиқарилади. Кўп таомлар сирланган, яъни эмал сиртли идишларда тайёрланади. Чунки зангламайдиган пўлат ва сирли идишлар максимал даражада соғлиқ учун бехатар ҳисобланади.
Ўзимизда эса ота-боболаримиз азалдан чўян қозонларни танлашган. Сабаби чўяндан ясалган қозон бир нечта муҳим афзалликларга эга:
- Иссиқликни яхши ушлаб туради – бу эса таомларни бир текис пиширишга ёрдам беради.
- Таомга махсус маза беради – чўян қозонда пишган таомлар бироз мазали бўлади.
- Барча турдаги плиталар ва оловда ишлатса бўлади – газ плитаси, электр плита, печка ва ҳатто очиқ оловда ҳам чўян қозондан фойдаланиш мумкин.
- Зарарли моддалар чиқармайди – синтетик ёпишма қопламали идишларга нисбатан табиий ва хавфсиз ҳисобланади.
Танлов ўзингизда. Бозорга тушиб, қозон танлашда янглишманг!
Муаззам ИБРОҲИМОВА,
шифокор, шоира
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws