Иффатим, ор-номусим учун экан…
Ҳамма қизларнинг отаси менинг отамдек бўлишини чин дилдан хоҳлардим.
Мактаб даврида кўпчилик қизлар севги-муҳаббат дардига мубтало бўлишади. Ачинарлиси, бу “дард” йигит-қизларни илмдан чалғитади. Энг ёмони — кўпинча бундай қиссаларнинг охири хайрли бўлмайди.
Мактабнинг юқори синфида, ундан кейин коллежда ўқиган пайтимизда синфдаги қизларни сўраб келадиган йигитлар кўп бўларди. Дугоналарим ичида мени сўраб келадиган инсонга ҳавас қиладигани кўп эди. Чунки менинг ортимдан кўпроқ отам келарди. Дугоналаримнинг отаси мактабга менинг отамчалик кўп келмаган.
Падарим билан танаффус пайтлари суҳбатлашар эдик, ўқишдаги воқеаларни айтардим. Қизиқ ҳангомалар билан мени кулдирарди. Жазирама кунларда муздек шарбатлар олиб бериб, қўнғироқ чалиниши билан харажатларимга етарли пулни бериб, мактабга киргизиб юборарди.
Синфга қўлимда ширинликлар билан кириб борарканман, кўпчилик дугоналарим менга ҳавас билан қарашарди. Ўртоқларим гоҳида ўзлари учрашадиган йигитларнинг сифатларини, минадиган машиналарини айтиб мақтанса, мен отам ҳақида гапириб берардим.
Улар йигитлари ҳақида уйдагилари билиб қолишидан доим қўрқувда, улар тўғрисида гапиришдан ҳамиша хавотирда юришарди. Мен эса хотиржам эдим. Қолаверса, улар йигитлари ташлаб кетишидан қўрқишарди. Мен-чи, доим ёнимда бўладиган садоқатли ва ғамхўр отам борлигидан фахрланардим. Мен улардан кўра ўзимни анча бахтиёр ҳис қилардим.
Отам раҳматлининг елиб-югуришлари, менга эътибори туфайли то турмушга чиқиб кетгунимча бирор йигит билан гаплашиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадим.
Йиллар ўтиб билдимки, отам ҳамма ҳаракатларини менинг иффатимни, ор-номусимни сақлаш учун, мени чиройли ҳолатда турмушга бериш учун қилган экан.
Ҳамма қизларнинг ҳам отаси менинг отам каби бўлишини жуда хоҳлардим…
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws