Қубо масжиди ҳовлисида ҳайдовчисиз автобус ишга туширилди
Саудия Арабистони Жамоат транспорти бошқармаси “Қубо” масжиди ҳудудида “Робобус” номли ҳайдовчисиз шаттл автобусини синов тариқасида ишга туширди. Автобус ички ҳовли бўйлаб 700 метрли йўналишда ҳаракатланиб, зиёратчилар учун эркаклар ва аёллар кириш йўлакларига хизмат кўрсатади.
У ҳайдовчисиз фаолият юритади. Шаттл сунъий интеллект асосида бошқарилади. У юқори аниқликдаги камералар ва турли сенсорлар билан жиҳозланган бўлиб, мустақил равишда йўналиш белгилайди, пиёдаларни аниқлайди ҳамда инсон назоратисиз хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайди.
“Робобус” 60 кун давомида синовдан ўтказилади ва бу муддат ичида турли маълумотлар тўпланади. Шундан сўнг Жамоат транспорти бошқармаси бундай йўналишларни Саудия Арабистонининг бошқа шаҳарларида ҳам жорий этиш ёки этмаслик ҳақида қарор қабул қилади.
“Қубо” масжиди – Ислом тарихида қурилган илк масжид ҳисобланади. У Мадина шаҳри чеккасида жойлашган бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин барпо этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид режасини шахсан ўзлари чизганлар ва Бану Амр ибн Авф қабиласи ҳудудида унинг қурилишида бевосита иштирок этганлар. Кейинчалик ҳам У зот вақти – вақти билан ушбу масжидни зиёрат қилиб турганлар.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.