Шаҳодат – никоҳ хутбаси
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга намоздаги ташаҳҳудни ҳамда ҳожат (никоҳ хутбаси)даги шаҳодатни ўргатдилар. Намоздаги ташаҳҳуд: “Аттаҳийяту лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаат. Ассалааму ъалайка айюҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибаадиллааҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва росуулуҳ” (“Зикр, намоз, рўза, закот каби барча қавлий, феълий, молиявий ибодатлар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга салом ва Аллоҳнинг раҳмату баракотлари бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули ва бандасидир”).
Ҳожатдаги ташаҳҳуд: “Иннал-ҳамда лиллааҳи настаъийнуҳуу ва настағфируҳу ва наъуузу биллааҳи мин шуруури анфусинаа ва саййиаати аъмаалинаа. Фаман яҳдиҳиллааҳу фалаа музиллаа лаҳ, ваман юзлил фалаа ҳаадия лаҳ. Ва ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ” (“Албатта, ҳамд Аллоҳгадир! Ундан ёрдам сўраймиз, Ундан мағфират сўраймиз. У Зотдан нафсимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”).
Бунинг ортидан уч оят ўқир эдилар»(Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Ибн Қосимдан нақл қилади: «Бизга Суфён Саврий бу уч оят қуйидагилар эканини баён қилиб берган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”(Оли Имрон сураси, 102-оят).
“Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди”(Аҳзоб сураси, 70-оят).
“Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”(Нисо сураси, 1-оят)».
Замонамизнинг буюк муҳаддиси, муфтий Ҳабибур-Раҳмон Хайрободий ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Никоҳни амалга оширувчи киши, аввало, ҳадисда айтилган ташаҳҳуд – никоҳ хутбасини, сўнг мазкур уч оятни ўқиши, ундан кейин ийжоб ва қабул аҳдномасини олиши, сўнг “Аллоҳ сизга муборак айласин! Аллоҳ сизни баракага буркасин! Орангизни яхшиликда жамласин!” деб табриклаши ва ҳозир бўлганларга хурмо тақсимлаши суннатдир».
Ийжоб – гувоҳлар ҳузурида келиннинг ўзини танмаҳрамликка “бағишладим” деган розилик жавоби, қабул – куёвнинг келинни танмаҳрамликка “қабул қилдим” деган розилик жавоби.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳ хутбасида ушбу уч ояти каримани ўқишни ихтиёр этганлари бежиз эмас. Чунки тақво нафақат бўйдоқлик даврида, балки оилавий ҳаётда ҳам сув ва ҳаводек зарур. Агар тақво бўлмаса, эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқ ва бурчларини тўла-тўкис адо этолмайди. Тақвосиз турмушда хотиржамлик, аҳиллик, файз-барака бўлмайди.
Мазкур никоҳ хутбаси янги ҳаёт остонасида турган никоҳланувчиларга эслатма, панд-насиҳат маъносидадир. Улар бундан ўзларига тегишли хулоса чиқаришлари лозим. Шунинг учун хатиб – хутба ўқувчи ушбу оят ва ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини изоҳлаб, тафсир қилиб, оилавий ҳаётнинг аҳамиятини, масъулиятини келин-куёвга тушунтириб ўтиши айни муддаодир.
Бизнинг диёрларда юқоридаги хутбадан бошқасини ўқиш ва кўпинча уни ийжоб-қабулдан кейинга қолдириш кузатилади. Агар никоҳ хутбаларимизга мазкур ҳадисда келган хутбани ҳам қўшиб, ийжоб-қабулдан олдин ўқилса, суннатга ҳар жиҳатдан мувофиқ бўлар эди деб умид қиламиз.
“Ал-мискуш-шазий шарҳу Жомеит-Термизий” асари асосида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Баҳодиржон АЪЗАМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws