Қуръонда “Ҳаракатда барака” деган маъно борми?
Ўз даврининг буюк муфассирларидан, Қуръон маъноларининг билимдони Ҳусайн ибн Фазл билан одамлар ўртасида қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтган:
– Сен Қуръондан араб ва ажамларнинг кўплаб мақолларига ўхшаш маъноларни чиқарасан. Қуръонда “Ишларнинг энг яхшиси – ўртача бўлганидир” деган мақол маъносидаги оят борми?
– Ҳа, бу маъно тўрт жойда келган: “У қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёшдаги сигирдир”(Бақара сураси, 68-оят); “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят); “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг!” (Исро сураси, 29-оят); “Сиз намозингизни жуда жаҳрий ҳам қилиб юборманг ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг. Шуларнинг ўртасидаги йўлни истанг!” (Исро сураси, 110-оят).
– “Ким бир нарсани билмаса, унга душман бўлади” деган мақол мазмунидаги оят борми?
– Ҳа, икки жойда бор: “Балки, (улар Қуръон) илмини эгалламай ва таъвили (тафсири) келмай туриб, (Қуръонни) ёлғонга йўйгандирлар” (Юнус сураси, 39-оят) ва «Агар (бу Қуръон) яхши бўлганида (анави ялангоёқлар) унга бизлардан илгари бормаган бўлур эдилар”, дедилар. Улар ўзлари у (Қуръон) билан ҳидоят топишмагач: “Бу эски уйдирмадир”, дерлар» (Аҳқоф сураси, 11-оят).
– “Ўзинг яхшилик қилган одамингнинг ёмонлигидан эҳтиёт бўл” деган маъно борми? – Ҳа: “Аллоҳ ва (Унинг) Расули уларни (Пайғамбар ва саҳобаларини) фазли (ўлжалар) билан бойитиб қўйгани учунгина (мунофиқлар) уларни ёқтирмадилар” (Тавба сураси, 74-оят).
– “Хабар кўриш каби эмас” деган маъно борми?
– Ҳа: «Иброҳим айтди: “Йўғ-е, лекин ди лим яна да таскин топсин”» (Бақара сураси, 260-оят).
– “Ҳаракатда барака бор” деган маъно борми?
– Ҳа: “Кимда-ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер (юзи)да кўп бошпана ва кенглик топади”(Нисо сураси, 100-оят). – “Нима эксанг, шуни ўрасан” деган маъно борми?
– Ҳа: “Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур” (Нисо сураси, 123-оят).
– “Кейин учрашганда билиб оласан” деган маъно борми?
– Ҳа: “Яқинда – азобни кўрган вақтларида, ким йўлдан кўпроқ озган эканини билиб олурлар” (Фурқон сураси, 42-оят).
– “Мўмин бир уядан икки марта чақилмайди” деган маъно борми?
– Ҳа: “(Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга илгари акасини ишонганимдек яна ишонайинми?!” (Юсуф сураси, 64-оят).
– “Золимга ёрдам берган киши охири унинг зулмига учрайди” деган маъно борми? – Ҳа: “Уни (шайтонни) дўст Қуръонда “Ҳаракатда барака” деган маъно борми? тутган кимсани, албатта, йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш унга (тақдирига) ёзиб қўйилгандир”(Ҳаж сураси, 4-оят).
– “Илондан фақат илон туғилади” деган маъно борми?
– Ҳа: “Агар Сен уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат, фосиқ, ношукур(лар)ни туғарлар”(Нуҳ сураси, 27-оят).
– “Деворнинг ҳам қулоғи бор” деган маъно борми?
– Ҳа: “Сизларнинг ичингизда эса, уларга қулоқ соладиганлар бор”(Тавба сураси, 47-оят).
– “Ҳалол ризқ фақат етарли миқдорда келади, ҳаром эса тўсатдан ва кўп келади” деган маъно борми?
– Ҳа: “Қайсики, шанбалик (байрами) ўтказган (ов қилмаган) кунларида балиқлари улар сари сув бетида оқиб келар, шанбалик қилмаган кунида эса (балиқлари) улар сари келмас эди”(Аъроф сураси, 163-оят).
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-итқон фий улумил Қуръан” асаридан Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws