Татаристонда исломий молия учун биринчи шаръий қўмита ташкил этилди
Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси исломий молия соҳасидаги маҳсулотларни тасдиқлаш ва шаръий томонлама экспертизадан ўтказиш мақсадида Уламолар кенгаши ҳузурида “Исломий молия бўйича шаръий қўмита” ни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди.
Россияда исломий иқтисодиётнинг тобора ривожланиб бораётганини акс эттирувчи ушбу ташаббус мамлакатдаги исломий молиявий маҳсулотларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва улар учун ягона меъёрларни шакллантиришга қаратилган.
Қарор Татаристон мусулмонлари диний бошқармасининг умумий йиғилишида қабул қилинди. Унда раёсат аъзолари, шариат масалалари бўйича қозилар ва маҳаллий имомлар иштирок этдилар. Янги қўмита ҳалол маҳсулотлар соҳасида фаолият юритувчи сертификатлаш органлари каби махсус шаръий эксперт органи сифатида иш олиб боради ҳамда молиявий маҳсулотлар ва банк шартномаларининг шариат талабларига мувофиқлигини баҳолайди.
Қўмитанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Молиявий маҳсулотлар ва мижозлар шартномаларини шаръий экспертизадан-ўтказиш;
Уларнинг исломий қоидаларга мувофиқлиги бўйича фатво ва хулосалар бериш;
Янги исломий молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Россиядаги исломий молия бозорида фаолият юритаётган муассасаларнинг фаолиятини мустақил шаръий аудитдан ўтказиш.
Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси маълум қилишича, қўмита ўз фаолиятида исломий молия соҳасидаги энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлган AAOIFI (Исломий молиявий муассасалар учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти) стандартларига таянади. Мазкур қўмита фаолиятини йўлга қўйишда Malaysia, Bahrain, United Arab Emirates ва Saudi Arabia каби мамлакатларнинг тажрибалари асос қилиб олинган.
Мутахассислар фикрича, мазкур қўмитанинг ташкил этилиши исломий молиявий маҳсулотларга нисбатан ишончни ошириш, улар учун ягона стандартларни жорий этиш ҳамда Татаристоннинг Россиядаги исломий иқтисодиёт марказларидан бири сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манба: “Мусулмонлар олами” электрон нашри.
Илёсхон АҲМАД таржима қилди.