Шукрни қачон ўрганамиз?
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари кузатилган озиқ-овқат танқислигини кўпчилик яхши билади. Шукрлар бўлсин, у кунлар ўтди-кетди. Бугун тўкин-сочинлик. Аммо айримлар бу фаровонликни қадрламай неъматларни исроф қилаётгани ачинарли. Айниқса, ота-боболаримиз азиз билган ноннинг уволи борлигини унутгандекмиз. Ноннинг қадрини унга зор бўлганлар яхши билади. Бу ҳақдаги воқеаларни эсласам, кўнглим увишади. Отам раҳматли уруш йилларидаги қийинчиликларни айтиб, нонни эъзозлаш кераклигини кўп таъкидларди.
1990–1993 йиллари I–IV синф ўқувчилари учун уч маҳал бепул овқат бериларди. Шу мақсадда ҳар куни мактабимизга 300–350 дона бўлка нон олиб келинарди. Бир куни нотаниш кимса мактаб ҳайдовчиси билан гаплашиб, ўша нонлардан бир қанчасини олиб кетди. Эртаси куни ҳам шу аҳвол. Буни у бирор муҳтожларга олиб боряпти деб ўйлаб, олдига бориб: “Ака, бунча нонни нима қиласиз?” деб сўрадим. У пинагини ҳам бузмай: “Молга бераман. Нон еган жонивор яхши семиради”, деди. Бу гапдан тутақиб кетдим: “Ҳайф сизга, болаларнинг ҳақини ўғирлаб молга беряпсизми ҳали”, дея қўлидан қопни тортиб олдим. Сўнгра: “Ахир мусулмонсизлар, бировнинг ҳақини егани қўрқмайсизларми, қишлоқ даги қанча одам нонга зор”, дея дакки бердим. Ҳаётда фақат ўз нафсини ўйлайдиганлар ҳам бўлар экан.
Яқинда бир қадрдоним билан тушлик қилиш учун ошхонага кирдик. Овқатдан сўнг чой ичиб турганимизда, ёнимиздаги столда ўтирган йигитлар анчагина нонни емасдан чиқиб кетишди. Ейишмас экан, шунча нонни олиб, исроф қилишганига кўнглим оғриди.
Бугун тўй-маъракаларда, тамаддихоналарда қанча-қанча нонлар исроф бўлаётганини ўйласам, унинг уволи тутмасмикин, дея ўйлаб қоламан…
Мурод ҚУРБОНОВ,
Ургут тумани
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws