Ғанимат дамлар имкони
Аллоҳ таоло: “Албатта, Биз Уни (Қуръони каримни мукаммал ҳолда дунё осмонига) Қадр кечасида туширдик”, деди. Ушбу воқелик баракотидан барча кечалар ва кундузлар баракотли бўлди; дунёга Аллоҳ таолонинг ҳикмат нури – Ислом неъмати ёға бошлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк мўъжиза соҳиби бўлдилар. Ҳақ келди, ботил синди.
Тирикликнинг ҳикмати ҳақида ўйлаганда, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг: “Ҳар тунинг Қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз” деган мисраси ёдга тушади. Улуғ мутафаккир шоир: “Эй фарзанд, ҳар тунингни Қадр кечасидай шарафли ва баракотли деб билсанг, уни қадрлай олсанг ва ғафлатда ўтказмасанг, ўша кечанг сен учун Қадр кечасидай бўлади”, деб валийлик башоратини берган. Чунки биз ўтказаётган онлар улуғ неъматдир.
“Дам – ушбу дам, ўзга дамни дам дема, Бошинг эсон давлатингни кам дема”, дейилади халқ оғзаки ижодида. Умр ва тириклик кўзимиз шоҳид бўлиб турган лаҳзадан иборат. Ўтган лаҳза қўлдан кетди, кейинги лаҳза Аллоҳнинг изнидаги мулк. Юқоридаги ҳикматли сўзларда: “Эй болам, ушбу лаҳзани ғанимат бил, унга эга бўл, уни ўзингга фойдали умр лаҳзасига айлантир, ғафлатда – гуноҳда қолма! Билгинки, мана шу лаҳза ғафлатда кечган минг лаҳзадан яхшироқдир”, деган мазмун мужассам. Зеро, ҳазрати инсон учун бу оламда унга берилган умрдан ҳам яхшироқ неъмат борми?!
Шарқ халқлари қадимдан баҳор келганда, янги деҳқончилик мавсумига эсон-омон етдик деб шукрона айтишган, экин-тикин ишларини авж олдиришган. Аллоҳ таолони дилида, тилида ҳамда қўлида, яъни ишларида зикр этувчи банда – деҳқон кишидир. Уруғ сочувчи – ризқ йўлини очувчидир. Сочилган уруғ, экилган кўчатларнинг баракоти бир йиллик ризқ-рўздир. Муқаддас динимизда меҳнат қилиш ҳар кунги ибодат даражасига тенглаштирилган.
Демак, ғанимат умримизда ҳамиша хайрли амалларни бажаришга интилишимиз, ҳиммат камарини белга маҳкам боғлашимиз лозим. Навоий бобомизнинг қуйидаги танбеҳлари ҳар биримизни ҳушёр торттирса ажабмас:
Тухум ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондан кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқми?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!
Абдумутал ОТАБОЕВ,
Жиззах вилояти, фахрий имом
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws