Мисрда 33-халқаро Қуръон мусобақасига шайх Абдулфаттоҳ қори аш-Шаъшаъий номи берилди
Миср Араб Республикаси Вақфлар ва ислом ишлар вазирлиги Қуръони карим бўйича ўтказиладиган 33-халқаро мусобақага машҳур қорилардан бири бўлган Шайх Абдулфаттоҳ аш-Шаъшаъий раҳимаҳуллоҳ номини беришини эълон қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, Қуръонни ёд олиш ва унинг маъноларини тушуниш бўйича 2026 йилги 33-халқаро мусобақанинг марказлаштирилган ёзма саралаш имтиҳонлари 2026 йил 8 июндан 18 июнгача “Ан-Нур” жоме масжидида бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан вазирлик мусобақага қўйилган шартларни бажарган ва ёзма саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган номзодлар рўйхатини эълон қилди. Ёзма саралаш мусобақа низомига мувофиқ, танлов ариза топширган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.
Вазирлик бу ташаббус Қуръони карим ҳофизларини қўллаб – қувватлаш, Аллоҳ таолонинг Китобини ёд олиш ва унинг маъноларини чуқур англашга рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Вазирлик иштирокчилардан қуйидаги талабларга амал қилишни сўради:
Шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва аслини олиб келиш;
Ёш тоифасидаги қатнашчилар учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси ҳамда ота-она ёки васийнинг шахсий ҳужжати нусхасини тақдим этиш;
Ногиронлиги бўлган иштирокчилар учун ҳолатни тасдиқловчи расмий тиббий маълумотнома ёки тегишли хизмат гувоҳномасини тақдим этиш.
Вазирлик яна бир бор мусобақа шартларининг тўлиқ бажарилиши зарурлигини эслатиб, қайси босқичда бўлишидан қатъи назар, талабларга жавоб бермайдиган иштирокчилар мусобақадан четлаштирилишини маълум қилди.
Манба: “Al Youm Al Sabea” нашри.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.