Самарқандлик улуғ муфассир
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг Каломи. Унинг маъноларини тушуниш, англаш, ўрганиш учун саҳобалар замонидан бошлаб то ҳозиргача турли изланишлар, тадқиқотлар олиб борилмоқда. Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳнинг “Баҳрул улум” тафсири бунга мисол бўлади.
Аллома Абул Муҳаммад ибн Ануш Ҳасийрий Абу Лайс Самарқандийнинг фақиҳлик илмига юксак баҳо беради. “У ҳаёти давомида ҳанафий мазҳабининг машҳур намояндаси, фақиҳ Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг асарини мукаммал ўрганди. Унинг ютуқларини улуғлаб, фиқҳ соҳасида янгиликлар яратди. Даврининг ҳанафий мазҳабида улуғ фақиҳига айланди”, деб ёзади. Абу Лайс Самарқандий яшаган даврда мусулмон оламида ҳар бир мазҳаб бўйича қонунлар шаклланиб бўлган, уни ўзгартиришга зарурат йўқ, деб қараларди.
“Кашфуз зунун” муаллифи Ҳожи Халифа бундай ёзади: «Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” номли тафсири жуда машҳур ва ажойиб китобдир. У том маънода нақлий тафсирдир. Саҳобалар ва тобеинлар ривоятларидан кенг фойдаланган. Баъзи ўринларда луғатга бироз изоҳ бериб, оятни оятлар билан шарҳлайди. Оятлардаги баъзи мушкулликларни очиб берган ва зиддиятли ўринларга тўхталиб, уларнинг сабабларини кўрсатиб ўтган. Умуман олганда, китоб нақлий ва ақлий мазмунларни ўзида мужассам этган фойдали асардир»2.
Абу Лайс Самарқандий бутун ҳаётини илм-фанга бағишлади. Илмнинг инсоният ҳаёти ривожи, тараққиётидаги ўрнига юксак баҳо берди. Аллома Ислом динининг асл моҳияти, мақсадини тушунтиришда, тадқиқ этишда катта хизмат қилди.
Шу боис яратган асарлари кўп асрлардан бери халқимизнинг маънавий мулки бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин улуғ аждодларимиз, алломаларимиз номлари, мерослари қайта тикланди. Ана шулар орасида Абу Лайс Самарқандий ҳам бор. Аллома асарларидан бирида “Ёзганларимни одамлар асрлар оша ўтиб ўқисалар, бу илм-фанга муҳаббатлари нишонаси бўлади”, деб ёзганди. Бугунги кунда унинг асарлари нафақат юртимизда, дунё миқёсида ҳам тадқиқ қилинмоқда. Бу улуғ аллома мероси билан биргаликда илм-фанга ҳам эҳтиром ифодасидир.
Мирзақосим САИДМИРЗАЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
1. Абу Ҳайён. Тафсиру баҳрил муҳит. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1993. – Ж. 1. – Б. 29.
2. Раҳматуллоҳ қори Обидов. Қуръон ва тафсир илмлари фанидан ўқиладиган маърузалар матни. – Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2003. – Б. 113.