Гўрковни олим қилган икки ҳодиса
Дамашқда “Даҳдоҳ” деган қабристон бор. У қўнимгоҳга кўплаб қорилар, валийлар, алломалар дафн этилган.
Кунларнинг бирида ўша қабристон гўркови олдига кекса онахон келиб, вафот этган фарзанди учун қабр қазишни илтимос қилди. Гўрков қабрни тайёрлаб бўлганидан сўнг маййитни олиб келишди. Гўрков маййитни қабрга қўяётган чоқда лаҳаднинг кенгайиб гўзал боққа айлангани ва икки фаришта марҳумни ўрнидан тургизиб эргаштириб кетаётганига гувоҳ бўлди. У бундан ҳаяжонланиб ҳушидан кетди. Атрофдагилар унинг юзига сув сепиб, қабрдан олиб чиқишди.
Ўзига келганида одамлар ундан нима бўлганини сўрашди. У кўрганларини айтиб берди. Аммо ҳеч ким унинг гапига ишонмади, кўзига кўрингандир-да, дейишди.
Орадан бир неча ой ўтди. Кекса онахон яна гўрковнинг олдига келиб, яна бир фарзанди вафот этганини айтиб, унинг учун ҳам қабр қазишни илтимос қилди. Лаҳад тайёр бўлгач, одамлар маййитни олиб келишди. Гўрков маййитни қабрга қўймоқчи бўлганида яна гўзал боғ ва икки фариштани кўрди. Бу сафар ўзини йўқотмади.
Шундан сўнг гўрков онахоннинг уйига бориб кўзда ёш билан:
– Аллоҳга қасам, икки фарзандингизни ҳам қабрга қўйганимда лаҳад кўркам боққа айлангани ва икки фаришта уларни эргаштириб кетганини кўрдим. Улар тириклигида нима иш қилишардики, Аллоҳ уларни шундай гўзал тарзда мукофотлади? – деб сўради.
Онахон:
– Биринчи фарзандим умрини илмга бағишлади. Иккинчиси эса илдиз эди. У олим ўғлимнинг таъминотини ўз зиммасига олганди. Илм олиши учун нима керак бўлса, муҳайё қиларди, – деди.
Гўрков аёлнинг жавобидан қаттиқ таъсирланди. Ишини ташлаб, “Тавба” жоме масжидига борди. У жомеда машҳур уламо Саид Бурҳоний имом эди.
Гўрков у кишига:
– Мен илм олишни истайман, – деди.
Имом:
– Жуда соз. Лекин ёшингиз элликка яқинлашиб қолган бўлса… – деб андишасини изҳор қилди.
Бунга жавобан гўрков ўзи гувоҳ бўлган ака-ука воқеасини сўзлаб берди.
Имом:
– Ундай бўлса, Аллоҳга тақво қилинг, Раббимиздан астойдил сўраб, илм олишга киришинг, – деди.
Гўрков кечаю кундуз илм ўрганди. Ниҳоят Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила у Шомнинг машҳур олими бўлиб етишди. У – Абдураҳмон Ҳаффор эди. Кейинчалик унинг авлодлари ҳам замонасининг номдор уламолари бўлишди.
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws