Беш улуғ неъмат
Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Билингки, Аллоҳ таоло бизга бешта улуғ неъмат ато этган. Биринчиси, агар банда катта гуноҳлардан тийилса, Аллоҳ таоло унинг кичик гуноҳларини кечириб юборади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни роҳатбахш манзил (жаннат)га киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят).
Иккинчиси, мабодо мўмин банда катта гуноҳларни қилган бўлса ҳам, уларга чин дилдан тавба қилиб, дунёдан ўтган бўлса, уммат иттифоқига кўра, Аллоҳ таоло уни мағфират этади: «Кимки зулмидан кейин тавба қилса ва (ўзини) тузатса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли Зотдир» (Моида сураси, 39-оят), «Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Кимки тавба қилиб эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ (ризоси ва мағфирати) га қайтган бўлур» (Фурқон сураси, 70-71-оятлар).
Учинчиси, мўмин банда катта гуноҳлар қилиб, уларга тавба қилишга улгурмасидан вафот этса, унинг яхши ва ёмон амаллари таққосланади: яхшиликлари ёмонликларидан устун келса, у кечирилади. Аллоҳ айтади: «Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд сураси, 114-оят), «Бас, энди (ўша куни) кимнинг тарозида тортилган нарсалари (савобли амаллари) оғир келса, ана ўша қониқарли маишатда (жаннатда) бўлур» (Қориъа сураси, 6-7-оятлар).
Тўртинчиси, Аллоҳ таоло ёмон амалнинг жазосини фақат ўзига тенг қилди, яхши амалнинг мукофотини эса ўн баробар ва Ўзи истаган бандасига ундан ҳам зиёда қилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси, 160-оят).
Бешинчиси, қалбида иймони бор банда гуноҳлари сабаб жаҳаннамга солинса-да, маълум муддатдан сўнг Аллоҳ таоло уни азобдан халос этади ва жаннатга киритади. Жаннатга кирган одам у ерда абадий қолади. У Зот аввал мукофотлаб, кейин жазолаш тартибини жорий қилмади. Бундан ортиқ неъмат, марҳамат борми? Бу неъматлардан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида нажот тополмаган киши фақат ўзини маломат қилсин».
“Росаилу Ибн Ҳазм”
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws