Парҳезкор имом
Юнусободдаги биз яшайдиган маҳаллалар илгари дала жой эди. Бу ерда ўша пайтларда Насриддин қори деган киши яшарди. У кишининг хислатлари ҳақида ёши улуғ инсонлардан эшитганмиз.
Насриддин қори ўта тақводор инсон бўлиб, камтарона ҳаёт кечирган. Имомлигидан ташқари жамоа хўжалиги боғида қоровуллик ҳам қилган. Эслашларича, боғ ичидан ўтувчи йўл бўлиб, ўтган-кетган ерга тушган олмаларни териб белбоғига тугиб оларкан. Боғдан чиқишда Насриддин қори уларга: “Тарозига қўйворинглар-чи”, деб олмаларни ўлчаб оларкан-да, дафтарига ёзиб, қайтариб бераркан. Одамлар: “Пулини олмаса, олмани ўлчаб нима қилади?” деб ҳайрон бўлишаркан. Маълум бўлишича, қори домла териб олинган олмаларнинг ҳақини маошидан давлатга тўлаб юраркан.
Яна бир ибратли воқеа. Қиш кунларида намозхонлар кимнингдир хонадонида қилинаётган эҳсонга бормоқчи бўлишади. Масжиддан чиқишда Насриддин қори калишини тополмайди. Қараса, бир отахон билмаган ҳолда калиши устидан қори аканинг калишиниям кийиб олган экан. Қори ака ёнидагиларга пичирлаб: “Кўпчиликнинг ичида хижолат қилманг, қаричилик”, дебди. Шу алфозда бояги отахон иккита калишда, Насриддин қори эса эҳсон бўлаётган уйгача маҳсичан қор кечиб боради…
Тўй-маъракаларда қори акага тугун, чопон, яна нималардир беришса, таомларни муҳтож оилаларга, буюмларни масжидга беришларини айтаркан. Уйига бирон марта тугун кўтариб кирмаскан.
Айтишларича, қори аканинг уйида нодир китоблар жуда кўп бўлиб, асосий вақтини мутолаа билан ўтказган. Ёнига масала сўраб келишса, кўпинча ўзининг фикрини айтмасдан бирон китоб ёки бошқа уламога йўналтираркан. Сабабини сўрашса, “Умр бўйи қилган гуноҳларимнинг интиҳосини билмайман-у, бошқаларникини қандай ҳисоб-китоб қиламан”, деркан.
Қори ака умрининг охирларида дин хизматидаги инсонларга, шогирдларига китобларини бўлиб берган экан…
Ўша даврда ҳам одамлар дин, мусулмончилик деганда мана шундай уламо ва имомлардаги ҳалоллик, парҳезкорликни тушунар ва уларга эргашардилар. Аллоҳдан қўрқадиган, ўзганинг, айниқса, муҳтожнинг ҳақидан ҳазар қиладиган фитрати тоза инсонлар бизга асл намунадир.
Моҳира СУЛТОНОВА
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws