Мўмин Аллоҳдан хавфда бўлиши вожибдир
«Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишдан четда қилгин”».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим, бу юртни омонлик юрти қилгин…”» оятидаги (оминан) “омонлик” сўзи (маънан) “омонлик жойи” маъносидадир. Инсонлар у жойда омонда бўлганлари учун (оминан) деб номлаган. Бу худди “кундуз” (мубсирон) – “кўрсатувчи” деб номланганига ўхшайди. Ҳолбуки, кундуз кўрсатмайди, балки кундузда кўрилади. Бу каби оятлар кўп.
Сўнгра “…Бу юртни омонлик юрти қилгин…” ояти қуйидаги маъноларга ҳам эҳтимол қилади. Баъзи таъвил аҳли: “Иброҳим алайҳиссалом ушбу юртни барча инсонлар учун эмас, балки хоссатан аҳли ва фарзандлари учун омонлик бўлишини сўраган. Зеро, у ерда беҳуда қонлар тўкилади ва ҳурматлар (муқаддас нарсалар) оёқости қилинади. Бу хоссатан ўзининг аҳли ва фарзандларига омонлик бўлишини сўраганига далолат қилади”, дейишган.
Агар оят улар айтган маънода бўлса, Аллоҳ таолонинг: “Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!” (Анкабут сураси, 67-оят) ва «Эсла, Байтни одамлар учун “масаба” (қайтиш жойи) ва омонлик жойи қилдик» (Бақара сураси, 125-оят) оятлари ва шу маънодаги бошқа оятлар қандай тушунилади?
Аллоҳ таоло бу жойни барча одамлар учун омонлик жойи қилиб қўйганини хабар берган. Бу икки қарашни эҳтимол қилади: Биринчиси: Аллоҳ таоло ушбу юртни имтиҳон ва синов юзасидан омонлик жойи қилган. Бу жойда беҳуда қон тўкилиши, ҳурматлар поймол қилиниши ва бошқа гуноҳлардан сақланиш масъулиятини, гарчи улар ўша масъулиятни зое қилиб, у жойда номуносиб ишларни қилсалар ҳам, бандаларининг зиммасига юклаган.
Бу худди ибодатлар ва яхши амаллар қилиниши учун қурилган масжидларга ўхшайди. Аллоҳ таоло масжидлар аҳлига ва барча инсонларга масжидларда номуносиб ва ҳалол бўлмаган ишларни қилмаслик вазифасини юклаган. Одамлар ушбу масъулиятга эътиборсиз бўлганлар, масжидларда номуносиб ва нолойиқ ишларни қилишган. Аллоҳ таоло омонлик жойи қилганини хабар берган Ҳарам ҳудуди ҳам шунга ўхшайди.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло бу жойни яратилиши жиҳатидан омонлик макони қилиб қўйган. Шу туфайли “Қандай қилиб у жойда беҳуда қонлар тўкилади ва ҳурматлар оёқости қилинади? Ҳолбуки, Аллоҳ у юртни омонлик жойи қилиб яратган бўлса?” дейилиши мумкин. Бунга жавобан бундай дейилади: “У омонлик жойи қилиб яратилган бўлса-да, синов ва жазо ўлароқ шундай ҳолат бўлиши жоиз бўлади”.
Аллоҳ таоло: “Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун ўзларига ҳалол қилинган покиза нарсаларни ҳаром қилдик” (Нисо сураси, 160-оят) оятида айтилган “покиза” нарсалар аслида ҳалол ҳолда яратилган. Лекин улардан содир бўлган зулм сабабли жазо ва уқубат ўлароқ уларга ҳаром қилинган. Шунга кўра, Аллоҳ таоло ушбу жойни омонлик макони қилиб яратган, сўнгра улардан содир бўлган гуноҳлар сабабли жазо ўлароқ, у жойда ҳам қотиллик юзага келган.
Аллоҳ азза ва жалла (Иброҳим алайҳиссалом тилидан): “Мени ва болаларимни санамларга ибодат этишимиздан четда қилгин”, деди. “Қандай қилиб Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан дуо қилиб исматни (гуноҳлардан холи бўлишни) сўрайди? Ахир Аллоҳ таоло у зотни нубувват ва рисолат учун танлаб, шу сабабли мазкур нарсалардан маъсум қилмаганми?” деб сўрашлари мумкин.
Баъзи таъвил аҳли: “Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан фарзанд ва зурриётларини исматда қилишини сўраган. Чунки у зурриётларининг Аллоҳнинг дини ва тавҳидида ихтилоф қилиб қолишларини билган. У ўзини ҳам зикр қилганининг боиси шуки, одам бошқа бировнинг ҳаққига дуо қилганида, аввало, ўзидан бошлайди”, деганлар.
Мўътазилийлар: “Иброҳим алайҳиссаломнинг мазкур дуоси ва маъсумликни сўраши гоҳида баъзи дуоларни сўрагани берилган бўлса ҳам ёки гуноҳи кечирилганини билган бўлса ҳам, ибодат сифатида дуо қилиш жоиз эканига далолат қилади”, дейишган.
Айтиладики: “Иброҳим алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларнинг дуолари ҳамда уларнинг маъсумликни Аллоҳдан сўраганлари ва У Зотга илтижо этиб, ёлворишлари билан бирга – бир вақтда бўлган бўлиши мумкин. Маълумки, улар ушбу маъсумликка ўзларининг эътиборсизликлари ва беҳуда хатти-ҳаракатлари ортидан эга бўлмаганлар. Балки бу ҳолат Аллоҳнинг тоати йўлида ўзларини машаққатга қўйганлари туфайли уларга вожиб қилинган. Оят мўътазилийларга икки жиҳатдан қарши ҳужжат бўлади: Биринчиси: Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан бут-санамларга ибодат қилишдан паноҳ сўраб дуо қилган. У зот агар Аллоҳ бундан сақласа, сақланишини ва ҳидоят қилса, ҳидоят топишини биларди. Улар (мўътазилийлар) эса: “Аллоҳ сақлайди, банда сақланмайди. Аллоҳ ҳидоят қилади, банда ҳидоятланмайди”, дейди. Иккинчиси: Шунингдек, яна улар: “Агар Аллоҳ бирор кишига ўшани берса, у Унинг қўлидан чиқади ва беришга қодир бўлмайди”, дейди. Уларнинг сўзларига кўра, пайғамбарларнинг дуолари масхара қилиш ёки яшириш ҳисобланади. Чунки бошқа бировдан бирор нарсани, унда ўша нарса йўқлигини билган ҳолда сўраш масхара қилиш бўлади. Ёки уни берганини билган ҳолида сўраса, бу яшириш бўлади.
Набийлар, расуллар ва улуғ инсонларнинг динларига нисбатан хавфи, ўзлари баҳраманд бўлган мақомдан оғиб кетиш ҳақидаги хавотирлари кучлироқ ва кўпроқ бўлган. Чунки улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳолатларининг ўзлари ўйлаганидан бошқача бўлиб қолишидан қўрққанлар. Улар ўзларига берилган ҳолат (неъмат) олиб қўйилишидан доимо хавф ва қўрқувда бўлишган.
Аллоҳнинг неъматларига эга бўлган банда шундай хавфда бўлиши вожибдир. Унинг хавфи қаттиқроқ ва кўпроқ бўлиши керак. Абу Авсажа “важнубний” сўзи “узоқ қил” ва “четда қил” маъноларида келганини айтади. Қутабий: “Мени ва уларни четда қил, маъносида келган”, дейди.
“Таъвилотул Қуръон” асаридан Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржимаси.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан http://hidoyatuz.taplink.ws