Қўшниларига яхшилик қилган жаннатда бўлади
Оилада эркакнинг вақти тиғиз бўлади. Уй- рўзғор харажатлари учун зиммасидаги ҳақни адо этиш учун умрининг кўп қисмини кўчада ўтказади. Аёл эса она, оиланинг бекаси, қўшничилик муносабатларида ҳам унинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Нон, туз каби маҳсулотларни алмашиш ёки тўй-маъракаларда ёрдамлашиш учун энг биринчи қўшнига эҳтиёж сезилади. Агар оилада аёлнинг муомаласи, хулқи, омонатдорлиги яхши бўлса, қўшниси билан алоқалари ҳам рисоладагидек кечади. Аксинча, муомаласи дағал, кибрли, бахиллиги бўлган аёлни қўшнилар ҳам хушламайди.
Қўшнининг ҳақи Қуръон ва ҳадисларда қатъий таъкидланган. Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўшни ҳақида шунчалик таъкидлаганки, у зот қўшнини меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдилар. Қўшнига озор берган, ёмон муносабатда бўлган кимса ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қасамки, у иймон келтирмаган. Қасамки, у иймон келтирмаган. Қасамки, у иймон келтирмаган». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким у?» деб сўрадилар. У зот дедилар: «Қўшниси унинг ёмонлигидан омон бўлмаган киши». Саҳобалар: «Ёмонлиги нима?» деб сўрадилар. У зот: «Зарари», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Хонадоннинг қадри қўшнига қараб бўлган. Ислом дини ҳатто ғайридин қўшнига ҳам яхшилик қилишга буюради. Яхши қўшни – яхшилик тарқатадиган, ёмон қўшни эса ҳамма ундан безор бўладиган шахсдир. Энг ёмон қўшни – қўшнисининг айбини кузатувчи, унинг номусига кўз тикувчи ҳамдир.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни аёл қўшни аёлга қўйнинг туёғини ҳам арзимас санамасин», дедилар. Бунинг маъноси шуки, бир аёл қўлидаги куйган калла-почани «Шуни ҳам қўшнимга бериб ўтираманми?» демасин, бериш кўнглига тушибдими, шуни бўлса ҳам берсин, арзимас нарса деб санамасин. Чунки шу тарзда давом этаверса, инсон бориб-бориб, арзийдиган нарсани ҳам бермайдиган бўлиб қолади. Натижада қўни-қўшнилар орасида меҳр-оқибат йўқолади. Ҳозирги кундаги каби, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ҳатто қўшниси вафот этиб қолса ҳам, билмай юраверади.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар айнан аёлларга қарата айтилгани катта ҳикматга моликдир. Одатда қўшнилар орасининг бузилиши кўпроқ аёллар ўртасидаги бир-бирини менсимаслик ҳолатларидан ҳам келиб чиқади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Зарр, шўрва қилсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшнингга ҳам узат…” деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Икковидан сенга эшиги яқинроқ бўлганига”, дедилар».
Мусулмон кишининг қорни овқатга тўйиб ётиши, қўшнисининг эса оч қолиши айбдир. Сиз янги кийим кийсангизу, қўшнингиз эски, ямоқ кийса, сиз мазали таом есангиз-да, қўшнингиз суюқ овқатга муҳтож бўлса, уятдир.
Қўшнининг сўзларини эшитиш учун қулоқ солиш – жосуслик. Агар унга яхшилик қила олмасангиз, камситманг, озор берманг. Агар у сизни чақирса – жавоб беринг. Агар маслаҳат сўраса – маслаҳат беринг. Агар у зулмга учраса – ёрдам беринг, агар у зулм қилса – уни тўхтатинг. Агар яхшилик қилса – миннатдорчилик билдиринг, агар ёмонлик қилса – кечиринг. Қиёматда баъзи қўшнилар бундай дейди: «Эй Раббим! Бу киши эшигини ёпди, мендан яхшиликни тўсди, мени ёмонликда кўриб ҳам унга тўсқинлик қилмади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши: «Фалончи аёл кўп намоз ўқийди ва рўза тутади, лекин қўшниларига озор беради», деди. У зот дедилар: «У дўзахда». Бошқа бир аёл ҳақида: «У кам намоз ўқийди, рўза тутади, лекин қўшниларига яхшилик қилади», деди. У зот дедилар: «У жаннатда».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тўрт нарса бахт – солиҳа аёл, кенг уй, яхши қўшни, қулай улов. Тўрт нарса бахтсизлик – ёмон аёл, ёмон қўшни, тор уй, асов улов». Баъзи одамлар қўшнига озор бериш, уни етарли даражада эътиборсиз қолдириш билан ўз мақсадларига етишса, ўзларини омадли деб ўйлайди. Лекин бу тўғри эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қил», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ сизларнинг орангизда ахлоқни ҳам ризқ каби тақсим қилди. У дунёни севганига ҳам, севмаганига ҳам беради. Лекин динни фақат севганига беради. Кимга дин берган бўлса, У Зот унга муҳаббат қилади. Қасамки, кимнинг қалби ва тили омон бўлмагунча у ҳақиқий мусулмон (муслима) эмас. Ва кимнинг қўшниси унинг ёмонлигидан омон бўлмагунча у мўмин (мўмина) эмас» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws