“Ҳасанбой” жоме масжиди
Юнусобод туманининг “Шарқ ҳақиқати” маҳалласидаги “Ҳасанбой” масжиди биноси 2014 йилда маҳаллий аҳоли ва саховатпеша ҳомийлар кўмагида ҳашар йўли билан тубдан қайта тикланди. Кенг ва шинам хонақоҳ бир вақтнинг ўзида бир ярим минг намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Масжид гумбазининг баландлиги 17 метр бўлиб, у бинога алоҳида салобат ва кўрк бағишлайди.
Намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудида айвон, қўшимча намозхоналар ва маъмурий бинолар барпо этилган. Шунингдек, шарқона услубда қурилган шийпонлар ҳудудга ўзига хос файз бағишлайди. Замонавий талаблар асосида жиҳозланган таҳоратхона намозхонлар хизматида. Масжид қошида фаолият юритаётган кутубхона эса бу даргоҳнинг нафақат ибодат, балки илм-маърифат маркази эканидан далолат беради.
Ушбу масжиднинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тарихий манбаларда қайд этилишича, масжид илк бор Амир Темур даврида қурилган. 1390 йили соҳибқирон Тошкент қалъаси ва унинг атрофини обод этиш билан бир қаторда мазкур масжидни барпо этишга ҳам амр этган. Ўша даврларда жоме “Оқ масжид” номи билан машҳур бўлган. Кейинчалик ҳудуд “Ҳасанбой” деб атала бошлаган ва масжид ҳам шу ном билан юритилган.
Масжид турли тарихий синовларни ҳам бошдан кечирган. 1917 йили масжид фаолияти тўхтатилиб, 1929 йилда хонақоҳ “Ильич” колхози ихтиёрига ўтказилган. Юртимиз мустақилликка эришгач, истиқлол шарофати билан жоме масжиди яна ўз эшикларини очиб, мўмин-мусулмонларга хизмат қила бошлади.
Бугунги кунда мазкур масжид нафақат ибодат қилиш жойи, балки аҳолини эзгуликка, ҳамжиҳатликка, маърифатга чорловчи муқаддас масканга айланган. Айниқса, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялашда унинг ўрни беқиёс.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws