Жаноза одоблари
Мусулмон киши жаноза намозида иштирок этиши марҳумга бўлган юксак эҳтиромдир. Унинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса, жанозаси ўқилиб дафнидан фориғ бўлгунча турса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жанозани ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
Жаноза хабарини эшитган киши дастлаб истиржо, яъни: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун” (“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”), дейди. Сўнгра таҳорат олиб, жаноза намозида қатнашади.
***
Жанозада иштирок этиш фарзи кифоя бўлиб, бир жамоатдан бир киши қатнашса, барчанинг зиммасидан соқит бўлади. Аммо жанозани эшитган қавмдан ҳеч ким қатнашмаса, барча гуноҳкор бўлади.
***
Жаноза тўрт такбирли намоз бўлиб, қуйидагича адо этилади:
Биринчи такбир: Ният қилиниб, биринчи такбир айтилади ва “Сано” дуоси ўқилади.
Иккинчи такбир: Бу такбирдан сўнг намоздаги салавотлар айтилади.
Учинчи такбир: Бундан кейин эса ушбу дуо ўқилади:
“Аллоҳуммағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу миннаа фа аҳйиҳи ъалал Ислаам ва ман таваффайтаҳу миннаа фатаваффаҳу ъалал иймаан”.
Маъноси: “Аллоҳим, бизнинг тирикларимиз ва маййитларимиз, бу намозга келганларимиз ва келолмаганларимиз, кичикларимиз ва катталаримиз, эркакларимиз ва аёлларимизни мағфират қилгин! Аллоҳим, Сен бизлардан кимни яшатадиган бўлсанг, уни Исломда яшатгин. Бизлардан кимни вафот эттирсанг, уни иймонда вафот эттиргин”.
Тўртинчи такбир: Бу такбирдан кейин худди намоздаги каби ўнг ва чап тарафларга салом берилади ва шу билан жаноза намози тугайди.
Динимизда мусибатзадаларга таъзия билдирган кишига ажрлар ваъда қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир мўмин биродарининг мусибатига таъзия билдирса, Аллоҳ унга Қиёмат куни улуғлик либосини кийдиради” (Имом Ибн Можа ривояти).
Шариатимиз дафн кунидан то уч кунга қадар аза (мотам) тутишга рухсат берган. Шу кунлари жанозага кела олмаганлар азали хонадонга келиб, таъзия билдириши мумкин.
Таъзия одобларидан яна бири эҳсон дастурхони ёзиб, савобини марҳумга бағишлашдир. Буни муайян кунга боғламасдан, марҳумнинг мероси тақсимлангандан кейин, оиланинг иқтисодига зарар етказмайдиган, имкон қадар камчиқим ҳолда ўтказиш лозим. Маҳалла-кўй олдида хижолат бўламан деб қарз олиб ёки борини сарфлаб худойи қилиш номақбул ишдир.
Шунингдек, мусибатхоналарда “пайшанбалик”, “якшанбалик” номи остида қилинаётган, айниқса, икки ҳайит кунлари ўтказилаётган худойи маросимларининг бирортаси динимизда йўқ. Шу боис улардан тийилиш керак.
Абдулвоҳид ИСОҚОВ,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws