Илм-маърифатли, масъулиятли мутахассислар кўпайсин
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот майдонларида юртимизда диний таълим чеклангани ҳақида даъволар учраб турибди. Айрим шахслар чет элдан туриб, ўзини “имом” ёки “олим” сифатида кўрсатган ҳолда бу каби фикрларни тарқатишга уринаётгани кузатилмоқда. Бироқ холис назар билан қаралганда, бундай иддаолар ҳақиқатга мос келмайди.
Исломда илм олиш инсон камолотининг энг муҳим шартларидан бири сифатида улуғланади. Қуръони каримда илмнинг қадри ва аҳамияти юксак баҳоланиб, бундай марҳамат қилинади: «Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят). Ушбу оят илмнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёслигини, у тараққиёт ва маънавий барқарорликни таъминловчи муҳим омиллардан бири эканини яна бир бор эслатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда диний таълим тизими босқичма-босқич шаклланган ва аниқ институционал асосга эга соҳалардан бирига айланган. 2026 йил ҳолатига кўра, республикада 4 та олий диний таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Улар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасаси, Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактаби ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий номидаги ислом институти.
Ушбу муассасаларда талабалар диний билимлар билан бир қаторда дунёвий фанларни ҳам пухта ўзлаштириб, кенг дунёқарашга эга ва масъулиятли мутахассислар сифатида шаклланмоқдалар.
Шу билан бирга, республика бўйлаб 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси – мадрасалар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2 таси аёл-қизлар, 8 таси эса ўғил болалар таълими учун мўлжалланган. Тошкент шаҳридаги Кўкалдош ва Хадичаи Кубро, Андижондаги Саййид Муҳйиддин Махдум, Намангандаги Ҳидоя, Бухородаги Жўйбори Калон ва Мир Араб, Қашқадарёдаги Хожа Бухорий, Сурхондарёдаги Имом Термизий ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний номидаги мадрасалар фаолияти диний таълим имкониятлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил ва тизимли равишда йўлга қўйилганини яққол намоён этади.
Бундан ташқари, юртимизда Қуръон ўқув курслари кенг ташкил этилган бўлиб, минглаб ёшлар ва катта ёшдагилар ушбу курсларда иштирок этиб, диний билимларни ишончли манбалар асосида ўзлаштирмоқдалар. Бу жараён аҳоли ўртасида диний саводхонликни ошириш, соғлом маънавий қарашларни шакллантириш ва турли нотўғри талқинларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳим жиҳат шундаки, диний таълим эркинлиги тартибсизлик дегани эмас. У қонун ва белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади. Илм ва маърифат устувор бўлган муҳитда эса барқарорлик мустаҳкамланади, тараққиёт учун кенг имкониятлар яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда диний таълим олиш учун барча зарур шароитлар мавжуд. Бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ёшлар диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаб, юрт равнақи ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшишлари муҳимдир. Чунки илм ва маърифат бор жойда тараққиёт ҳам, маънавий юксалиш ҳам бўлади.
Муродуллохон НУРИДДИНОВ,
Қамаши туманидаги “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws