Кўзи бойланган касал қиз…
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва фол очадиган чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Бидъат амалларни кўрганимизда уларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Шундай бўлса-да, кўп ҳолларда аёллар момоларимиздан бизга мерос, дея қилаётган хурофий ишларни билмай қоляпмиз.
Яқинда бир танишим туманимизда содир бўлган бир воқеани айтиб берди:
“Чекка қишлоқда яшайдиган қариндошимнинг бетоб қизини кўришга бордим. Хонага кирсам, уй тўрида қўлида доира тутган аёл ўтирибди. Дастурхонга разм солдим, бир пиёла сўйилган хўроз қони, эшилган пахта, гуруч, сут ва яна нималардир бор. 10–15 дақиқа ўтар-ўтмас, қўшни аёллар келишди. Шунда англадимки, «бахшичилик»нинг устидан чиқибман. Зум ўтмай, «ув-ув-у-у», «ҳай-ҳай-а-а» каби овозлардан чўчиб тушдим. Чилдирмачи аёл доирасини чалиши билан 7–8 та аёл ўйнай кетишди. Бу ишларнинг барчаси ёшгина қизни «даволаш» мақсадида эди. Бу ҳам етмагандай, қизнинг кўзи бойланган, оёғи қон. Мен хонадан чиқиб кетдим.
Қариндошимдан бу ишни тўхтатишини сўраганимда: «Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади», деганлар. Шуни ҳам қилиб кўрайлик… дея жавоб берди. Кейин эшитишимча, қизининг аҳволи яна ҳам оғирлашибди. Охири шифохонага ётқизишибди, муолажалардан сўнг ўзгаришлар бўлибди, шукр”.
Ҳар бир мусулмон шифо Аллоҳдан эканини тушуниши, шукри ва зикрини қилиб, даволаниши керак. Турли бидъат амаллар гуноҳ ва инсонларга зиёндир. Бежизга Расулимиз алайҳиссалом биз умматларни бундай хурофотлардан қайтармаганлар:
“Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” (Имом Баззор ривояти).
Муборак ЖАНГИРОВА,
Ховос тумани “Оқчангал” маҳалласи отинойиси
***
Табиблар айтишади:
«Кимки ошқозонида балиқ ва тухумни жамласа (яъни, қўшиб еса), сўнгра фалажланса ёки юзи қийшайса, фақат ўзини айбласин.
Кимки ҳаммомга тўқ қорин билан кирса (чўмилса), сўнгра фалажликка йўлиқса, фақат ўзини айбласин.
Кимки ошқозонида сут ва балиқ жамласа (яъни, бирга еса), сўнгра пес (подагра) ёки мохов касалига учраса, фақат ўзини айбласин».
Шайх, доктор Камол ал-Ҳут Ҳусайний
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws