Қачон иншоаллоҳ дейилади?
«Бирор нарса ҳақида: “Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман”, дея кўрманг! Илло, “Иншоаллоҳ” (денг). Унутган вақтингизда Раббингизни зикр қилинг ва: “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят этса”, денг!» (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга танбеҳ бермоқда. Чунки мушриклар руҳ, ғорда ухлаб қолган йигитлар (Асҳоби Каҳф) ва Зулқарнайн ҳақида сўрашганида, у зот: “Эртага сизларга жавобини айтаман”, деганлар. Аммо эртасига жавоб айта олмаганлар. Сабаби ўн беш кун давомида ваҳий узилиб қолади. Мушриклар бундан фойдаланиб, турли гапларни тарқатишади. Бу ҳолат Набий алайҳиссаломга жуда оғир ботади. Кейин мазкур оятлар нозил бўлиб, бундай ҳолатда нима дейиш кераклиги баён қилинади.
«Бирор нарса ҳақида: “Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман”, дея кўрманг!» Чунки “Албатта қиламан” деб, кейин уни бажармаса, ёлғончи бўлиб қолади.
«Илло, “Иншоаллоҳ”» – “агар Аллоҳ хоҳласа, қиламан”, деб Аллоҳнинг иродасига боғланг, шунда ёлғончи бўлиб қолмайсиз. Зеро, Аллоҳ таолонинг хоҳишисиз ҳеч бир иш амалга ошмайди.
Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзилар бу оятдаги истисно (яъни “иншоаллоҳ” дейиш) қасамларга тегишли дейишган. Аслида эса оят барча ҳолатларда истисно қилиш (Аллоҳ хоҳласа деб айтиш) суннат эканини ифодалайди. Яъни келажак ҳақида гапирилганда Аллоҳнинг иродасини эсга олиб, “иншоаллоҳ” дейиш керак бўлади».
“Унутган вақтингизда Раббингизни зикр қилинг”. “Иншоаллоҳ” дейишни унутган бўлсангиз, ёдингизга келиши билан Раббингизни зикр қилинг. Бу ердаги зикрдан мурод нима экани ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар: «Ундан мурод оят давомидаги “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят этса”, деган жумладир”, дейишган. Муфассир Муҳаммад Кўфий айтади: “Бу айнан шу лафз (“иншоаллоҳ”) билан истисно қилишни унутган ҳар бир киши айтиши керак бўлган жумладир. Яъни бу жумла “иншоаллоҳ”ни унутишнинг каффорати ҳисобланади».
Жумҳур уламолар наздида эса бу айтиш буюрилган дуо бўлиб, айнан шу ҳолатга хосланмайди.
Яна бир қавлда: «Зикрдан мурод “иншоаллоҳ” калимаси бўлиб, уни қасам ичишда унутган одам айтади”, дейилган. Абул Олия айтади: “Уни унутган киши эсига тушса, “иншоаллоҳ” деб, истисно қилади».
Ғазнавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Баракадан умидвор бўлиш, гуноҳдан қутулиш учун кейин ҳам “иншоаллоҳ” деб қўйиш мумкин. Аммо ҳукмга таъсир қиладиган ҳақиқий истисно (яъни қасам ҳукмини ўзгартирадиган “иншоаллоҳ”) бўлиши учун келажак ҳақида гапирилганда дарҳол ва муттасил айтилиши керак.
“Тафсири Қуртубий” асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан