Ҳалол луқманинг аҳамияти
“Дуо – ҳожатлар эшигини очадиган бир калит. Унинг тишлари эса ҳалол луқма ва ҳалол либосдир”.
Ушбу оят, яъни Раҳмон ва Раҳмли Раббимизга ҳеч имконсиз нарса бўлмаслиги менга тасалли берди: «…Аллоҳ ҳамма нарсага қудрати етадиган Зотдир» (Бақара сураси, 259-оят).
Алҳамдулиллаҳ, бугун ҳалол луқма аҳамияти ҳақида талайгина асарлар чоп этилди. Уларни ўқиб-ўрганиб, булар ҳақида маълумотга эгамиз. Жумладан, доктор Ҳусайн Комил Буюкўзарнинг “Янги таом ҳисоботи” китоби ҳам яхши манбадир. Ушбу асарнинг аҳамиятини теранроқ англашингиз учун эътиборингизга муқаддимасини ҳавола қилмоқчиман:
“Болалигимиздан “ҳалол ва ҳаром луқма” деган сўзларни эшитиб, уларнинг инсон руҳияти ва маънавиятига таъсири қандайлиги ҳақида фикр юритар эдим. Модданинг пок ёки нопок, ҳалол ёки ҳаром эканини нима кўрсатиб беради? Бу ҳақдаги билимларни бизга Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситачилигида билдириб қўйган.
Нопоклик моддий ва маънавий бўлади. Пешоб, ахлат, қон ва ўлимтик ҳамда тўнғиз каби нажаслар моддий нопокликка киради. Бирон ҳалол бўлган нарсага бу нажаслар аралашса, у ҳам нопокдир. Уни истеъмол қилиш эса ҳаромдир.
Ўғрилик, фоиз ҳисобланган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган нарсалар эса маънавий нопоклик саналади. Агар яшаётган муҳитимизда ҳаром-ҳаришга ташвиқ этилаётган бўлса, бундай жамият ижтимоий жиҳатдан тубанликка юз тутади. Биз авлодларни моддий ва маънавий баркамол қилиш учун ҳам Аллоҳ таоло белгилаган ҳалол ва ҳаромга эътиборли бўлишимиз зарур.
Асримизда ишлаб чиқарилаётган яримтайёр маҳсулотлар ҳатто табиий етиштириладиган мева ва сабзавотларнинг ҳам таркибига жиддий хавф солмоқда. Бугун саноат ривожланган, ҳаёт сурати тезлашган даврда инсонлар табиий ноз-неъматларни эмас, таркибида нима борлигини тўлиқ тушуниб етмасдан кимёвий аралашмали нарсаларни танлашаётгани янада ачинарлидир.
Ҳалқумидан ўтадиган луқманинг ҳалол ёки ҳаромлигига ҳам масъул бўлган мўминлар “Кўз кўрмаган нарсага кўнгил рози бўлаверади”, дея олдига нима келтирилса, еб кетавериш керакми? Ёки барча жабҳада бўлгани каби эътиборли бўлиб, нимани оғзига солаётганини ўйлаб кўриш лозимми?
Шу ва шу каби саволлар борасида мушоҳада этишимиз ҳамда энг тўғри қарорни қабул қилишимиз лозим”.
“Ҳар она билиши керак” китобидан Нигора МИРЗАЕВА таржима қилди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан