Ниқоблар остидаги хавфлар
Глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган ҳозирги даврда ҳаётий тажрибаси ҳали тўлиқ шаклланмаган ёшларни турли ёт ғоялар, диний мутаассиблик ва экстремизм таъсиридан асраш энг долзарб вазифалардандир.
Қуръон ва суннатда жамоатдан ажралмаслик ва бирликни сақлаш муҳимлиги таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом ҳалқасини ечган бўлади” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Тарихдан маълумки, муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиш ва улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш эл-юрт орасида адоват ва нотинчликка олиб келган. Бугун эса экстремистик кучлар қарашларини очиқ зўравонлик орқали эмас, балки “иймонлашув”, “динни ўргатиш”, “ҳақ йўлга бошлаш” каби ниқоблар ортида сингдиришга уринмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар, хусусан, аёллар ва қизлар нишонга олинаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Дастлаб уларга Қуръон, фиқҳ, ақида ва тавҳидга оид дарслар таклиф этилади.
Ишонч қозонилганидан сўнг эса аста-секин радикал қарашлар сингдирилиб, уларни ўз оиласи ва яқинларидан узоқлаштиришга уринишлар кузатилмоқда. Айрим ҳолатларда алдов ва сохта ваъдалар таъсирида ёшлар уруш бўлаётган ҳудудларга чиқиб кетгани ҳақида маълумотлар ҳам бор. Бу қарорлар кўплаб оилалар учун оғир фожиаларга сабаб бўлмоқда.
Ваҳоланки, Ислом дини инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенгликни тарғиб этади. Қуръони каримда ер юзида бузғунчилик қилмаслик ҳақида бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! (дедик)» (Бақара сураси, 60-оят).
Шу сабаб бугун ёшларда мустақил фикрлаш, ахборотни танқидий таҳлил қилиш ва соғлом дунёқарашни шакллантириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки маънавий иммунитетга эга инсон турли ёт ғоялар таъсирига тушмайди, ҳақиқат билан сохталикни ажрата олади.
Динни тўғри англаш ва илм амал уйғунлигининг аҳамиятига буюк мутафаккир Жалолиддин Румий ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бундай ибратли гап айтган: “Шундай илм олгинки, ибодатингга зарар бермасин. Шундай ибодат қилгинки, илм олишингга зарар қилмасин. Ким илмсиз амал қилса, ислоҳ қилган нарсасидан кўра, барбод қилган нарсаси кўпроқ бўлади”.
Ушбу ҳикмат соғлом билим ва мустаҳкам эътиқод инсонни турли мафкуравий таҳдидлардан асрашини яна бир бор эслатади. Зеро, илм ва тафаккур билан қуролланган авлодгина турли ниқоблар остидаги хавфларни англаб етади ва тўғри йўлни танлай олади.
Ҳар бир ота-она, устоз ва жамият аъзоси ёш авлоднинг онги ва қалби учун масъул эканини унутмаслиги лозим.
Абдуллоҳ САЙФИЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарих фани ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws