Она ифори
Эрталаб онамнинг хонасига кирдим. Бироз суҳбатлашдик. Чиқиб кетаётиб, дазмолга кўзим тушди. Онамдан сўрадим:
– Нега дазмол бу ерда турибди? Онам жавоб берди:
– Келиним юмушлари билан банд экан, шунга кийимларимни ўзим дазмолласам дегандим. Аёлимни чақириб дедим:
– Ойимнинг кўйлакларини ўзинг дазмол қилсанг бўлмайдими?! Аёлим:
– Хўп бўлади, ҳозир қиламан, – деди. Онам жилмайиб, ҳазиломуз оҳангда:
– Ўзинг қилиб берақол, болам, – деди. Дазмол қилиш менга ёқмаса-да, салкам саксон ёшга кирган онажонимнинг кўнгли учун:
– Фақат биттасини! Қолганини келинингиз қилади, – дедим кулиб. Дазмолни уладим. Онамнинг кўйлагини ёйиб, бурмаларини ростлаб, дазмоллашни бошладим. Шунда ёқимли ҳид димоғимга урилди.
– Она, қандай атир сепгансиз? – деб сўрадим. Кўйлакни дазмоллар эканман, бу ҳид таниш туюлди. Гўёки уни илгари ҳам туйгандек эдим. Эслашга ҳаракат қилдим. Миямда болалик хотираларим жонланди: ўшанда чамаси 4–5 ёшлар оралиғида эдим. Онажоним мени эркалаб, қучоқлаб, қаерга борса, кўтариб юрарди. Шу ёқимли ҳид ва болалигимнинг ширин хотиралари оғушида тўрт кўйлакни ҳам дазмоллаб қўйганимни билмай қолибман… Сўнг онамга юзландим: – Онажон, сиздан бир илтимосим бор…
– Қанақа илтимос?
– Яна кўйлагингизни дазмоллаш керак бўлса, албатта, менга айтинг! – дедим кўзларимда ёш билан. Онам менга қараб ҳайрон жилмайиб:
– Хўп, болам! – деди ва мени узоқ дуо қилди…
***
Оналаримиз тириклигида қадрига етайлик. Улар дунёдан ўтгач, қабрини қимматли тошлар билан безатиб, дунёга дод-фарёд солишимиздан наф йўқ!
Элёр МАҲМАДАЛИЕВ
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws