Абу Разин розияллоҳу анҳу
Абу Разин розияллоҳу анҳу номи суффа аҳли орасида тилга олинган саҳоба. Ҳаётини илму ирфон ўрганишга, Аллоҳга ибодат қилишга бағишлаган бир йигит… Аллоҳ ишқида ёниб-куйган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илтифотларига сазовор бўлган киши…
Абу Разин Уқайли, тўлиқ исми Абу Разин Лақит ибн Омир Уқайли розияллоҳу анҳу бўлиб, Маккада Исломни қабул қилган саҳобалардан. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуолар ва Ислом асослари ҳақида бир қанча ҳадисларни ривоят қилган.
У Абдуллоҳ ибн Абу Разин розияллоҳу анҳунинг отаси. Абу Разин розияллоҳу анҳу қачон мусулмон бўлгани, суффа аҳлига қачон қўшилгани маълум эмас. Манбаларда ҳам Абу Разин розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан боғлиқ бир неча хотиралари келтирилган, холос.
Улардан бирини Абу Салама ибн Абдурраҳмон ўз отасидан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни суффа аҳлидан бўлган Абу Разин куняли саҳобага бундай насиҳат қилдилар: “Эй Абу Разин! Ёлғиз қолганингизда тилингизни Аллоҳ зикри билан намлантиринг. Зеро, Раббингизни ёлғиз ибодат қилаётгандек бўласиз. Инсонлар орасида бўлсангиз, жамоат билан бирга ибодат қилаётгандек бўласиз.
Инсонлар тунги намоз ва рўзада бардавом бўлганда, сиз мусулмонларга насиҳат қилишга ғайрат қилинг. Уларга яхшилик хоҳланг. Амру маъруф ва наҳий мункарни унутманг!
Абу Разин розияллоҳу анҳу туғилган саволларни дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб, жавобини ўрганишга шошиларди. Чунки илм ўрганишга иштиёқманд бўлиб, янги билимлар олишга ҳаракат қиларди. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ! Менинг йўлимда қабристон бор. У ердан ўтаётганда бирор нарса дейишим керакми?”
У зот бундай жавоб бердилар: «Эй Абу Разин! У ердан ўтаётганингизда:“Ассалому алайкум я аҳлал қубур. Антум салафуна ва инна иншааллоҳ бикум лаҳикун (Сиз биздан аввал кетдингиз. Биз сизларнинг ортингиздан борамиз. Албатта, сизларга қўшиламиз)”, денг».
Абу Разин розияллоҳу анҳу сўрашда давом этди:
– Ё Расулуллоҳ! Улар бизни эшитишадими? У зот: “Эй Абу Разин! У ердаги маййитларнинг ададича фаришталарнинг сизга жавоб беришларини хоҳламайсизми!?” дедилар.
Абу Разин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг унга қилган насиҳатларини бундай ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй Абу Разин! Дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритадиган ишларни сизга айтайми? Зикр мажлисларида иштирок этинг. Улардан айрилиб, ўзингиз ёлғиз қолганингизда кучингиз етганича Аллоҳни зикр этинг! Аллоҳ учун яхши кўринг! Аллоҳ учун ёмон кўринг! Эй Абу Разин, бир киши мусулмон биродарини зиёрат қилиш учун йўлга чиқса, унга етмиш минг фаришта ҳамроҳлик қилишини биласизми? Фаришталар: “Раббимиз! У Сенинг розилигингга эришиш учун биродарини зиёрат қилди. Сен ҳам ундан рози бўл”, деб дуо қилишади. Агар қўлингиздан келса, биродарларингизни Аллоҳ учун зиёрат қилинг”, дея насиҳат қилдилар. Абу Разин розияллоҳу анҳунинг қачон, қаерда вафот этгани ҳақида ҳам манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин!
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws