Йўқолсин мечкайлик, кашандалик, ичкиликбозлик, Бор бўлсин жисмоний фаоллик!..
Кейинги йилларда аҳоли орасида турли касалликлар жуда кўпайиб бормоқда. Бунинг қандай сабаблари бор? Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тавсияларга амал қилиш қанчалик тўғри? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида тиббиёт фанлари доктори, профессор Каримжон РАСУЛОВга мурожаат қилдик.
– Бугун юртдошларимиз орасида турли оғир касалликларга чалиниш ҳолатлари тобора ортиб боряпти. Бунинг сабаби нима?
– Касалликлар кўпинча соғлиққа беъэтиборликдан, зарарли одатларга ружу қўйишдан, яъни тамаки маҳсулотлари ва алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш, нотўғри овқатланиш, уйқусизлик, камҳаракатлиликдан келиб чиқади. Шу билан бирга, доимий руҳий зўриқиш ҳам жиддий хасталикларга сабаб бўлади. Касалликнинг илк босқичида эмас, балки ўтказиб юборганидан сўнг шифокорга мурожаат қилиш, афсуски, одат тусига кирган.
Экологик инқирозлар, ҳавонинг ифлосланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида кимёвий моддаларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, ичимлик суви сифатсизлиги ҳамда турли сунъий ва яримтайёр егуликлар ҳам бир қанча касалликларга сабаб бўлмоқда.
Бугун турли вирусли инфекцияларнинг кўпайиши жигар, бачадон бўйни саратонига олиб келяпти. Аёлларимиз орасида туғуруқнинг камайиши ва абортлар кўпайиши боис кўкрак бези саратонига чалинганлар ортмоқда…
– Дорилар рекламаси кўпайди. Уларни кўриш туфайли шифокор маслаҳатисиз дори ичаётганлар ёки ижтимоий тармоқлардаги мутахассис бўлмаганларнинг саломатлик ҳақидаги тавсияларига таяниб даволанаётганлар бор. Шу тўғрими?
– Дориларни доимий ичавериш тананинг бошқа аъзосига салбий таъсир қилади. Бугун сохта дорилар рекламаси ҳам урчиб бораётир. Мисол учун, баъзи машҳур шахслар томонидан тарқатилаётган соғлиққа оид трендлар, хусусан, ҳар куни эрталаб зайтун ёғини ичиш соғлик учун жуда фойдали каби тавсиялар кенг тарқалди. Аммо у баъзи беморлар учун хавфли эканини ҳам таъкидлаш жоиз.
– Халқимиз тўй-ҳашаму зиёфатларни яхши кўради. Ҳатто ош, сомса ейиш бўйича мусобақалар ташкил этилади. Нафс учун бунчалик муккасидан кетиш соғлиқ учун зарар эмасми?
– Тўй-ҳашам ва зиёфатларда меъёридан ортиқ турли овқатларни аралаштириб ейиш саломатликка жиддий зарар. Бугун катта ёшли аҳолимизнинг кўпчилиги ортиқча вазндан азият чекади. Бу ўша зиёфатлар ҳосиласидир. Бундай овқатланиш юрак хуружи, мияга қон қуйилиши ва қон босими ошиши хавфини оширади, 2-тур қандли диабет ривожланишига, руҳий саломатликнинг издан чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун тўй-ҳашам ва зиёфатларда камтарона дастурхон ёзиш мақсадга мувофиқ.
Асосийси, қорин бандаси бўлиб яшаш мўминнинг иши эмас. Соғлом бўлишни истаган инсон нима тановул қилаётганига эътиборли бўлади.
– Соғлом турмуш тарзига амал қилиш кўп таъкидланади. Шу ҳақда мулоҳазаларингиз.
– Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш шарт. Бу билан нафақат касалликлар олдини оламиз, балки узоқ умр кўриш имкониятини оширамиз.
Бунинг учун, биринчи навбатда, тўғри овқатланишга эътибор бериш керак. Кўпроқ мева ва сабзавотлар, дон ва ёғсиз сут маҳсулотларини истеъмол қилиш юрак хасталиклари, диабет ва баъзи саратон турлари хавфини камайтиради.
Жисмоний тарбия билан шуғулланиш соғлик учун ниҳоятда фойдалидир. Киши ҳар куни камида 30 дақиқа жисмоний фаол бўлса, юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон ва бошқа касалликларга чалинмайди.
Тўйиб ухлаш ҳам умумий саломатлик ва кайфиятни яхшилайди. Тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш, ортиқча асабийлашмаслик, ҳиссиётларни бошқара олиш ҳам соғлиқни сақлашда жуда муҳим.
– Инсон саломатлиги учун динимиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб тавсиялари бор.
– Ислом дини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари замонавий тиббиётда ҳам тасдиқланган бўлиб, уларга амал қилиш зарур. Мисол учун, Набий алайҳиссалом овқатланишда меъёрга риоя қилишни таъкидлаб: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Унга белини тутиш учун бир неча луқма кифоя қилади. Агар шундай қилиш лозим бўлса, унда таом учун учдан бир қисм, ичимлик учун учдан бир қисм ва нафас олиш учун учдан бир қисм ажратилсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Исломда тозаликка катта аҳамият берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тозалик иймоннинг ярмидир” (Имом Муслим ривояти), “Мисвок оғизни тозалайди ва Раббни рози қилади”, деганлар (Имом Насоий ривояти). Бу тавсиялар шахсий гигиена ва умумий саломатликни сақлашда жуда муҳим.
Бобур МУҲАММАД суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws