Қалбнинг чўмичи
Тил қалбга яқин жойлашган. Шу боис у қалб таржимони ҳисобланади. Қалб эса иймон масканидир. Демак, инсоннинг иймони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли гаплар, ширин сўзлар чиқади. Тили ёмон ва кўп ёлғон гапирган инсоннинг қалби қораяди, натижада иймони сусаяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Банданинг токи қалби тўғри бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди. Шунингдек, то тили тўғри бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди” (Имом Байҳақий ривояти).
Яҳё ибн Муоз айтади: “Қалблар ичидаги нарсалари билан бирга қайнаётган қозонга ўхшайди. Қалбнинг тили қозоннинг чўмичи кабидир. Кишига у сўзлаётган пайтда назар сол! Сабаби, унинг тили қалбидаги нарсани қуяётган бўлади: ширинми, аччиқми, чучукми, нордонми ва ҳоказо. Унинг тилидан чиқаётган нарса қалбининг “таъми”ни намоён этади”. Инсон ҳаётини ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, адоват, ахлоқсизлик, фаҳш сўзлар ва турли ёмонликлар билан ўтказаётган бўлса, муаммо қалбидадир. Шу сабабли тилимиз қалбимизнинг софлигини иддао қилмасин, балки қалбимизнинг гўзаллиги тилимизда намоён бўлсин!
Адҳам ДЎСМАТОВ
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws