Мўминга касаллик етса…
1. Бемор сабр қилади, касалликни ёмон кўрмайди, уни сўкмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иситмани сўкманг. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек кетказади”, дедилар.
2. Бемор одам дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳдан эканига қатъий ишонади. Беморлик Аллоҳнинг тақдири ила етади, даволаниш орқали тузалиш ҳам У Зотнинг тақдиридир. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур” (Шуаро сураси, 80-оят).
3. Бемор дардига шифо излаши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор бўлганларида даволанганлар ва умматларини ҳам даволанишга буюриб: “Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қай бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
4. Бемор шариатда ҳаром қилинган нарсалар билан даволанмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Ҳар бир дардга даво қилиб қўйган. Даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар”, дедилар.
5. Бемор қуйидаги дуони ўқиб, Аллоҳга илтижо қилиши лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом барча касалликлар пайтида ва иситма кўтарилганда: “Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил ъазийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар”. “Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ва дўзах ўтининг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти.
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws