Садақанинг энг енгили
Мусулмон киши яхшилик қилишга астойдил интилади. Чунки у эзгулик йўлидаги ҳар бир қадами учун ажр олишга қатъий ишонади. Яхшиликларнинг энг енгили ва атрофимиздагиларга тез таъсир кўрсатадигани табассумдир.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарингиз юзига табассум билан қарашингиз садақадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ислом дини мўътадиллик устига қурилган. Динимиз қовоқ солиб юришдан ҳам, муттасил ҳазил-мутойиба қилиб, қаҳқаҳа отиб кулишдан ҳам қайтаради. Балки меъёрида жилмайиш, оҳиста кулиш табассум қилишга чорлайди.
Олимлар таъкидлашича, киши табассум қилганида юздаги ўн еттита мушак ишга тушади. Табассум юз учун бадантарбия ҳисобланади. У инсон жисми ва ақлига фойда, қон босимининг ошиши ва юрак хасталикларидан ҳимоя этади. Одатда хушчақчақ кишиларнинг қўли очиқ бўлади. Табассум мия фаолиятини кучайтириш билан бирга, атрофдагиларнинг руҳиятига ҳам ижобий таъсир этади. Набий алайҳиссалом ҳам саҳобаларидан табассумларини аямаган эдилар. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: “Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бўлсам, менга албатта табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Табассум садақанинг энг енгилидир. У қалбларни улфат қилади ва мўмин хулқини безайди. Шунинг учун ҳар биримиз очиқ юзли, табассумли бўлишни одатимизга айлантирайлик.
Баҳодир АМИНОВ,
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Чўлпон ота” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws