Ўз-ўзидан ясалган ”қайиқ“
Имоми Аъзам нафақат фиқҳда, балки ҳадис илмида ҳам етук олим бўлган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Мен ҳадис илмини билишда, жаноб Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда, энг саҳиҳларини англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаганини учратмадим», дейди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳеч қачон бирон масалани ёлғиз ўзи айтиб ёздирмай, балки энг пешқадам, муфтийлик мақомидаги қирқ олимга ҳавола қиларди. Улардан ўртага қўйилган масалани асослаб беришни, агар заифроқ бўлса, уни тўлдира оладиган бошқа масала қўйишни талаб қилган. Шу боис ҳам ҳанафий мазҳабини “маслаҳат мазҳаби” деб ҳам атайдилар. Тўрт мазҳаб орасида Имоми Аъзам мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши ўша масалаларнинг пухталиги ва Қуръону ҳадисга мувофиқлигидандир. Тарих давомида бутун дунёдаги мусулмонларнинг қарийб ярми Имоми Аъзам мазҳабида бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Бу мазҳаббошимизнинг масалалари нақадар пухта ва тўғрилигига далолатдир. Ҳатто ўспирин пайтларида ҳам ўткир зеҳни ва донолиги билан тан олинган.
Бу воқеа Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг ёшлик йилларида содир бўлган. Куфада Аллоҳга ишонмаган, яратиқлар ўзи пайдо бўлиб қолганини иддао қиладиган бир одам бор эди. У одам борган жойида шу ҳақда тортишар, баҳслашарди. Бир куни у Куфа шаҳрига келиб, мусулмонлар билан кўришгач, бундай деди:
– Сизлар ҳамма нарсани Аллоҳ яратган, дейсизлар. Мен эса улар ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб биламан. Шу ҳақда ким мен билан баҳслашади?
Мусулмонлар шундай дейишди:
– Бизда бир ёш олим бор. Агар баҳсда уни енгсанг, кейин уламоларимиз билан кўриштирамиз. Улар сени қабул қилишади. Бу гап унга ҳам маъқул келди. Учрашув жойи, вақтини белгилаб тарқалишди.
Эртасига белгиланган соатда тумонат одам тўпланди. Аммо ҳалигача Абу Ҳанифа йўқ эди. Баҳсни кутаётган одам:
– Қани ўша сизнинг ёш олимингиз? Мен билан баҳслашишдан қочдими?! Қўрқиб кетгандир… – дея ҳазил-мазах қила бошлади. Шу пайтда мажлисга Нўъмон ибн Собит кириб келди. Ҳалиги одам:
– Нега кечикдинг, баҳслашишдан чўчидингми, балки воз кечгандирсан!? – деди. Нўъмон ибн Собит унга шундай деди:
– Йўқ, уйимиз дарёнинг нариги томонида эди. Ўтиш кўприги бузилган экан. “Дарёдан қандай ўтсам?” деб турганимда бирданига дарахтлар ўз-ўзича кесилиб, йўнилиб, бирлашиб, қайиқ бўлди. Унга миниб, дарёдан ўтиб келдим…
Бу гаплардан ҳалиги одамнинг энсаси қотиб, кулди:
– Нодон бола, қай бир замонда дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, қайиқ бўлган? Мени шунга ишонтирдим, деб ўйлаяпсанми? – деди. Нўъмон ибн Собит унга жавобан:
– Асл нодон сен бўласан! Модомоки, қайиқ (сол)нинг ўз-ўзидан ясалганига ишонмас экансан, бу чек-чегарасиз борлиқнинг ўзи пайдо бўлиб қолганига қандай ишонтирмоқчисан? Биргина қайиқ ўзидан ўзи пайдо бўлмас экан, унда бутун борлиқ қандай пайдо бўлган?!
Бу сўзлардан сўнг у одам ўйга толди ва: “Бу йигит тўғри айтяпти. Ростдан ҳам бу олам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Демак, ҳамма нарсанинг яратувчиси бор!” дея фикрлай бошлади. Сўнг калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди.
Турк тилидан Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws