Мутаассиблик динга муҳаббат эмас!
Юртимизда Ислом маърифати ривож топиб, халқимизнинг диний-маърифий би лимла ри мустаҳкамланаётган бир пайтда, ай рим лар бузғунчи кучлар таъсирига бе рилиб, мутаассибликка йўл қўймоқда. Бу динга бўлган муҳаббат эмас, балки жоҳиллик билан ҳаддан ошишдир.
Мутаассиблик бир нотўғри қараш ёки фатвога ҳаддан ортиқ ёпишиб олиш ва бошқаларни тўғри йўлдан чиққан деб ҳисоблашдир. Бундай одамлар ўзини “тўғри йўлдаман” деб ўйлайди, уларга қарши фикр билдирган одамни дарҳол “бидъатчи”га чиқаради ва дўзахга маҳкум этади. Диний илми бўлмаса-да, фатво беришга журъат қилади. Улар истагандек кийинмаган ёки бошқача ибодат қилганларни ҳақорат қилишгача боради. Бундайларнинг асл мақсади кишиларни диндан бездириш ва мусулмонлар орасида фитна чиқаришдир.
Афсуски, кейинги пайтларда мутаассиб гуруҳлар диний саводи йўқ ёшларнинг эътиборини тортишга, ёлғон ғоялари билан улар онгини заҳарлашга уринмоқда. Бу эса кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда.
Ислом бу йўлдан огоҳлантиради ва мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишини, хусусан, кишининг бошқаларни асоссиз айблаши, фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди» (Бақара сураси, 185-оят). Динда чуқур кетганлар адашадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам динни тарғиб қилишда ҳеч қачон умматга машаққатни юкламаганлар. Аксинча, сабр ва ҳикмат билан даъват этганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом Муоз ро зияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар! Башорат беринглар, нафратлантирманглар!” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳар бир мўмин-мусулмон динни машаққатли қилиб кўрсатмаслиги керак. Аксинча, ота-оналар, диний соҳа ходимлари соф Ислом таълимотини ёшлар онгига сингдириб, уларни турли фитначи гуруҳлар ғояларидан асраши зарур.
Ҳожимурод АБДУСАЛОМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws