Тирноққа зор этма
Тожибой ака ишдан келиши билан неваралари қуршовида қолди. Уларни бирма-бир суйиб эркалади, сўнгра қўлини ювиб келиб сўрига ёнбошлади. Бир зумда тўкин дастурхон атрофида оила аъзолари жам бўлишди.
У бир умр ҳисобчилик қилди. Ёши бир жойга борган бўлса ҳам ҳамон тиним билмайди. Беш ўғил, бир қизи бор. Ўғиллар уйли-жойли бўлиб кетган. Қизи кенжа бўлгани учун турмушга бериш фурсати энди етди. Ота фарзандларидан хурсанд. Бари бир-бирига оқибатли, келинлари ҳам кўнгилдагидай. Фақат… беш ўғилнинг ҳаммасида қиз фарзанд. Бирортаси ўғилли бўлмади. “Ўғил бола барибир бошқа-да” деб ўйлайди у баъзан. “Ҳа, тойчоғим, полвоним” деб невара суйганга нима етсин”. Дилидан ўтганлари шу бугун тилидан чиқиб кетди.
– Келинлар, яхшилаб эшитиб олинглар, – деди у дастурхон атрофидагиларга бир-бир қараб, – ким ўғил кўрса, ўзим катта тўй қилиб бераман. Қураётган янги ҳовли-жойим ҳам шунга бўлади.
Келинлар “ярқ” этиб бир-бирларига қарашди. “Илоҳим, мен ўғилли бўлай” деб ўйлади бири. “Қиз невара ҳисоб эмас экан-да” ўксинди бошқаси. “Ёши бир жойга бораётганида дадамнинг мияси айниб қолибди, ўғил неварадан нима наф кўраркин?” – хаёлидан ўтди яна бирининг. “Ўғилми, қизми Аллоҳнинг берган неъмати-ку! Қиз бола ердан чиқибдими, ўғил бола бўлса тўй қилиб берармишлар”, ичида пичирлади кўпроқ китоб ўқийдиган келини. “Кичик овсиним ҳомиладор, илоҳим, бунисиям қиз бўлиб, чол армонда қолсин-да” ўйлади ўртанчаси. Қайинсингилнинг тўйи бошланиб кетиб, бу воқеа ҳамманинг хаёлидан кўтарилди. Йил кетидан йил ўтди. Қиз неваралар яна кўпайди.
Тожибой ака одатдагидай ишдан уйга келдию ҳанг-манг бўлиб қолди. Ҳовли ўртасида кўч-кўрон уюлиб ётар, ичкаридан қизининг уввос тортиб йиғлаган овози келарди.
– Бунча бахтсиз бўлмасам, – зорланарди у. – “Мевасиз дарахт керак эмас”, дейишди. Тирноққа зорман, онажон, тирноққа. “Сизларнинг уйингиз тўла бола. Шу қизалоқлардан биттагинаси бўлса ҳам бизда йўқ”, дейишди…
Тожибой аканинг ёдига келинларига айтган гапи тушди. Ичидан зил кетди. Кўнгли пушаймонликка тўлди. “Тўй қиламан дединг-а, ношукрсан, ношукр!” ғудранди ўз-ўзига.
Ҳар сўзни демагил айламай фикр,
Кўрган ҳар кунингга шукр қил, шукр!
Баҳора ХОЛБЕКОВА,
Сирдарё вилояти
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws