Онанинг терс феъли
“Онаси жуда яхши аёл, бувиси раҳматлининг дуосини олган. Шу қизни келин қилсангиз, кам бўлмайсиз”, деган сўзига ишониб келин олдим, хато қилмабман. Онасига ўхшаган оёқ-қўли чаққон, ширин сўзли келиним ҳаққига ҳамиша дуодаман.
Оилада қиз тарбиясида онанинг ўрни катта. Халқимизда бежизга “Онасини кўриб қизини ол”, дейилмаган. Қизнинг оиласидаги тутуми келин бўлиб борган хонадонида акс этади. Онасининг отасига бўлган муомаласи эрига муносабатида, бувисининг ўгитлари эса қай нонаси учун асқотади.
Дугонамнинг айтишича, қўшниси қизига: “Ҳар ҳафта уйга келасан. Қайнонанг ёш, ўзи ишларини қилаверади. Эринг ҳам ўзини эпласин. Хизматкорликка туғмаганман сени!” деб яқинларига қарши қилиб қўйибди. Тўғри, айрим оилаларда келинга мисоли хизматкордай муносабат бор, айниқса, ҳамма соғлом, қўлидан иш келадиган бўлса-да, тинмай келинга буюриш, ўзлари ўтириб олиб, унга ёмон муносабатда бўлиш нотўғри. Айниқса, уй юмушлари, фарзанд тарбияси, гўдаги бўлса, унга қараш чарчатган келинларга яна қўшимча ишлар юклаш, уларни эҳтиёт қилмаслик саломатлигида жиддий ўзгаришларга олиб келади. Авваллари қайноналар “Келин олсам, етти қават кўрпачада ўтираман”, деб келиннинг хизмат қилишини айтишган. Бироқ бугун ана шу “ўтириш” ортиқча вазнга, танада қон яхши айланмаслигига сабаб бўляпти. Тўғри, ёши улғайгач, маълум юмушларни бажариш қийинчилик туғдиради, лекин келинга кўмак берилса, у ҳам ўзини хизматкор эмас, шу оиланинг тўлиқ аъзоси деб ҳисоблайди.
Афсуски, “Қизим бахтли бўлсин”, деган оналарнинг ўзи қизларини бахтсиз қилмоқда. Бугун қиз ўстираётган ҳар бир она оқила бўлсин. Қизи бор уйнинг аёллари жигарпорасининг бахти учун ўзини масъул билиб, фарзандига гўзал ўрнак бўлсин. Шунда бўлажак аёллар баъзан учраб турадиган турмушнинг паст-баландида қийналишмайди.
Сафия НАЗАРОВА,
Самарқанд вилояти
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws