Форобий огоҳлантирган ҳақиқат
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб ҳақиқат кўрайлик: бугун айтилган бир оғиз сўз неча инсон тақдирига таъсир қилиши мумкин? Илгари фикр ва қарашлар ёзма манбалар орқали йиллар давомида тарқалган бўлса, бугун улар бир неча сония ичида кенг оммага етиб бормоқда.
Шарқнинг буюк мутафаккири Абу Наср Форобий инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган энг юксак неъмат тил ва тафаккур дея таъкидлайди. Алломанинг фикрича, инсоннинг қандай ўйлаши унинг қандай гапиришида намоён бўлади.
Форобийнинг машҳур ҳикматларидан бири шундай мазмунни англатади: “Сохта пул пул ҳисобланмаганидек, ёлғон гап ҳам ҳеч қачон ростнинг ўрнини босолмайди”. Бу фикр сўзнинг ахлоқий ва ижтимоий қудратини яққол намоён этади. Ёлғон ва бўҳтон ишончни емирса, самимий ва ҳаққоний мулоҳаза одамлар ўртасида ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Аллома бадиий ижод ҳақида фикр юритар экан, тилга муносабат ва маънони таъсирчан ифода этиш маҳоратини миллат маънавияти билан узвий боғлайди. У шоирларни уч тоифага ажратади: туғма истеъдод эгалари, санъат қонунларини пухта ўзлаштирганлар ва тақлид йўлидан борувчилар. Бу тасниф орқали мутафаккир ҳақиқий ижод аҳли маънавий юксалишга хизмат қилувчи катта куч эканини кўрсатади. Шу билан бирга, илҳом ва ҳаётий мавзу таъсирида тажрибаси кам ижодкор ҳам таъсирли асар яратиши мумкинлигини таъкидлайди.
“Фозил одамлар шаҳри” асарида нотиқлик фазилати тараққиётнинг муҳим омили сифатида талқин қилинади. Форобийга кўра, раҳбар ёки маънавий пешво билимдон ва адолатли бўлиш билан бирга фикрини равшан, изчил ва таъсирчан тарзда баён эта олиши зарур. Зеро, нутқ инсонларни бирлаштирувчи, эзгуликка чорловчи ва ҳақиқатни қарор топтирувчи кучли воситадир. Бундай маҳорат шахсий манфаатларга эмас, балки халқ фаровонлиги ва жамият барқарорлигига хизмат қилиши лозим.
Бугун эса ҳар бир фуқаро маълум маънода оммавий минбар эгасига айланди. Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар бир зумда кенг аудиторияга тарқалади. Афсуски, баъзан ҳиссиётга берилган ҳолда ёзилган ҳақоратли чиқишлар ёки текширилмаган айбловлар инсон шаъни ва қадр-қимматига путур етказиб, ҳатто ҳуқуқий можароларга сабаб бўлмоқда.
Ахборот тезлиги ортиб бораётган шароитда бўҳтон, ғийбат ва асоссиз маълумотларни тарқатиш жамиятдаги ишонч муҳитини заифлаштириши мумкин. Шу боис нутқ маданиятига амал қилиш, ҳар бир фикрни мулоҳаза билан билдириш, рақамли маданият ва медиа саводхонлигини ошириш бугун ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчига айланмоқда. Чиройли ва масъулиятли гапириш фақат услуб масаласи эмас. Бу атрофдагиларга ҳурмат кўрсатиш, ҳақиқатга садоқат ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшиш демакдир.
Хулоса шуки, Форобий тил ва нутқ одобини инсон камолоти, миллат равнақи ҳамда маънавий барқарорликнинг муҳим шарти сифатида талқин этади. Улуғ мутафаккир неча асрлар илгариёқ сўзнинг қудрати ва унинг халқ тақдирига таъсирини чуқур англаган.
Дарҳақиқат, фикр пок бўлса, нутқ ҳам пок бўлади. Пок нутқ устувор бўлган муҳитда ишонч, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт мустаҳкам қарор топади.
Жалолиддин БЎРИЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар кафедраси доценти
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws