Маънавият
Одамзод нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку. Одамзод нима учун булбул чаҳ-чаҳини эшитганида энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, қорнини тўйдиради-ку.
Одамзод нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку.
Одамзод нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса, йиғлайди? Уни ёзувчи “ичидан тўқиб чиқаргани”ни билади-ку.
Одамзод нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирса-ю, иттифоқо болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади? Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку.
Одамзод нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса, ухламайдими?
Одамзод нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳумни улар кўрмайдилар-ку. Гап шундаки, одамни ҳайвондан ажратиб турадиган чегаранинг номи “маънавият” деб аталади…
Ўткир ҲОШИМОВ
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws